Ўзбекистонлик ҳакамлар учун ташкил этилган ФИФА семинари якунига етди
14 июнь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси мажлислар залида жорий йилнинг 10-14 июнь кунларида бўлиб ўтган ҳакамлар учун ФИФА семинарининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Дастлаб, ФИФА томонидан Ўзбекистонга жўнатилган инструктор — Родзали Муҳаммад ўтилган дарслар бўйича ўзининг якуний хулоса, фикр ва тавсиялари жамланган тақдимотни намойиш этди. Ўз таассуротлари ҳақида гапирар екан, Родзали ўзбек ҳакамларининг тиришқоқлигини ва семинар давомида кутилганидан кўра кўпроқ ташаббус кўрсатиб, уни ҳайрон қолдиришганини алоҳида таъкидлади.
Шундан кейин, сўз навбати ЎФА вице-президенти Одил Аҳмедовга берилди. У ўз нутқи давомида ўзбек футболидаги ҳакамлик муаммолари, ВАРдаги камчиликлар ҳақида гапириб, уларнинг тўғирланиши борасида таклифлар берди. Сўнгра, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов сўзга чиқди. Нутқ давомида у ёш ҳакамларга бўлаётган эътибор ва ҳакамлик ютуқлари, шунингдек, ФИФА семинарларининг фойдали жиҳатлари хусусида сўз юритиб, қатнашувчиларга қўшимча шижоат бағишлади.
Тадбир сўнгида инструктор Родзалига эсдалик совғаси топширилиб, семинарда иштирок этган ҳакамларга ФИФА томонидан махсус сертификатлар берилди.
ЎФҲМ матбуот хизмати.
Фикрлар