Ўзбекистонлик мухлислар уйда ўтириб футбол томоша қилишга рози бўлармикин?

Бугунги кунда футболсиз зерикиб қолган ишқибозлар Суперлиганинг қачон давом эттирилишини интиқлик билан кутишяпти, десак муболаға қилмаган бўламиз. Мавжуд вазият бўйича мутахассисларимиз қандай фикрда?

ОФК инструктори, “Пахтакор” академияси директори, тажрибали мутахассис Ислом Аҳмедовнинг қарашлари билан танишамиз:

-  Авваламбор, биз соғлиқни ўйлашимиз керак бўлади. Футбол ким учун? Албатта, мухлислар учун, тўғрими? Шундай экан, биз уларнинг соғлиги ҳақида қайғуришимиз лозим. Шу сабабли ҳукуматимиз томонидан бугунги кунда коронавирусга қарши курашда амалга ошираётган ишларга 100 фоиз қўшиламан. Биз эса, дастлаб мутахассислар маслаҳатига қулоқ солишимиз муҳим ва хато қилишимиз мумкин эмас. Лекин бир нарсани тўғри тушуниш керакки, футболни қандай қилиб мухлисларсиз тасаввур қила оламиз? Ҳозирги пайтда бошқа мамлакатлардаги вазият ҳар хил. Мисол учун европаликлар нима учун чемпионатни давом эттиришга шошилишяпти? Бунга сабаб пул! Негаки, клублар ўйинларнинг телетрансляциясидан катта даромад оладилар. Бизда эса вазият бироз бошқача. Футбол биринчи навбатда мухлислар учун. Шу боис ишқибозларсиз футбол нима учун керак бўлишини тушунмаяпман.

Юқорида айтганимдек, бизда биринчи навбатда одамларнинг соғлиги муҳим. Ўйлайманки, раҳбарларимиз бу борада тўғри қарор чиқаради. Бошқа спорт турларини хафа қилиш ниятим йўқ, аммо бизда футбол биринчи ўринда ва унинг мухлислари ҳам кўп. Шунингдек, халқаро мусобақалар ҳам тўхтатиб қўйилган. Осиёда эса вирус кучайиб боряпти. Шу сабабли ОФКда ҳам асосан интернет орқали ишлашяпти. Ўзим ҳам ФИФА ҳамда ОФК билан онлайн ишлаяпман. Қолаверса, мураббийлар билан ҳам шундай усулда меҳнат қиляпмиз. Чунки ҳозир вазият шуни тақозо қиляпти.

Ислом Аҳмедов ҳамиша соғлиқ биринчи ўринда бўлиши ҳақида тўғри гапирди. Қолаверса, у футболнинг мухлисларсиз тасаввур қила олмаслигини ҳам яширмади. Унинг фикрича, бу вазиятда энг тўғри ечимни ўйлаб топиш зарур. Масаланинг яна бир томони бор, агар Суперлига ўйинлари мухлисларсиз ўтказилган тақдирда ҳам бу уларни футболдан бутунлай мосуво бўлди, дегани эмас. ТВ орқали ҳам бемалол Суперлига баҳсларини томоша қилиш мумкин. Аммо бу кимга қанақа? Шундай ишқибозлар борки, улар учун ўйинни стадиондан жонли томоша қилишга ҳеч нима тенг кела олмайди. Бу борада гап кетар экан, Ислом Аҳмедов қуйидагича муносабат билдирди:

-  Албатта, чемпионатни давом эттириш керак. Аммо мухлислар уйда ўтириб футбол томоша қилишга рози бўлармикин? Тўғри, охирги пайтларда “Спорт” телеканали орқали Суперлига ўйинлари эфирга узатилаётган эди. Агар ўйинларни ишқибозларсиз ўтказиш борасида қарор чиқарилса, у ҳолда телетрансляциянинг ташкилий масалалари бўйича жиддий ишлар олиб борилиши керак бўлади. Яъни, мухлисларга ўйин ва ўйин атрофидаги барча жараёнларни майда деталларигача кўрсатилиши, сифатни янада ошириш даркор. Ана шунда ишқибоз ўзини стадионда ўтиргандек ҳис қилиши мумкин. Демак, телевидение шундай муҳитни ярата олиши лозим. Ҳаммаси вазият қандай давом этишига боғлиқ. Лекин футбол мухлисларимизга жуда керак. Чунки ҳамма соғинган. Ўйлайманки, футболимиз раҳбарлари бу борада ҳам ўйлашяпти. Ишонаманки, ҳамма чемпионатимиз қачондан давом эттирилишини кутяпти.

ахмедов

Яна бир ўйлантирадиган масала ҳақида ҳам тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Гап шундаки, вақти келиб Суперлига учрашувларини давом эттирилишига рухсат берилса, чемпионат қандай кўринишда ўтади? Маълумки, бунгача учта тур баҳслари бўлиб ўтди ва охирги ўйин 15 март куни ташкиллаштирилганди. Ҳозиргача чемпионатнинг қачондан давом эттирилиши сўроқ остида турибди. Яқин орада эса ёз фасли ҳам кириб келади. Бизда эса чемпионат ҳар йили куз фаслининг охирларида ниҳоясига етади. Вазиятга умумий назар соладиган бўлсак, кейинчалик тақвим масаласида жиддий муаммоларга дуч келамизми? Чемпионатни қай ҳолатда якунлаб олиш мумкин?

Ислом Аҳмедов бу масаланинг қуйидаги ечимини айтди:

-  Суперлига баҳсларига рухсат берилса, уни режа асосида тугатиб олиш муаммо бўлмайди. Ўз вақтида чемпионатимизда 16 ва 18 тадан жамоалар қатнашган. Ҳозир эса 14 иштирокчи бор. Нима учун чемпионатимиз ноябрь ойигача чўзилган? Чунки орада ФИФА кунлари ҳам бўлган. Бундай пайтда эса терма жамоа энг камида икки ҳафта олдин тайёргарлик олиб борарди. Эндиликда ФИФА кунлари йўқ. Терма жамоалар миқёсидаги беллашувлар ўтказилмаслиги эвазига ўйлайманки, чемпионатда катта танаффуслар бўлмайди. Бемалол режаланган ишларни амалга оширса бўлади. Бу борада ҳар хил вариантлар бор.

Хабарингиз бор, бир неча ойдан сўнг Ўзбекистон режа бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилиши керак. Лекин ҳозирги вазият ташкилий ишларда муаммо туғдириши мумкин. Балки ОФК  мусобақани кейинроққа кўчирар. Ислом Аҳмедов эса Ўзбекистон Осиё чемпионатини ўз вақтида ўтказишга ҳам тайёрлигини маълум қилган ҳолда бу масаланинг бошқа томонига эътибор қаратди.

- Бизда ҳаммаси тайёр. Ажойиб стадионлар бор ва халқаро ўйинларни ўтказиш тажрибасига ҳам эгамиз. Фақат битта савол бор, мусобақа ўз вақтида ўтказиладими? Худога шукр, Ўзбекистонда вазият яхшиланиб боряпти, аммо Осиёнинг бошқа мамлакатларидачи? Ҳолбуки, вазият оғир бўлган давлатлар ҳам бор. Сентябрь ойигача ким қандай ҳолатда келади, буни ҳеч ким билмайди. Ҳозирча ОФК ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг саналарини ўзгартирмаган. Бу борада ҳам вазият қандай тус олишини ҳамма кутяпти. Агарда Осиё чемпионатининг тақвими ўзгарса, ҳамманинг режалари бузилиб кетади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Dastan Uteuliev
10/05/2020 22:49
???? Нима биз Англияда яшаймизми
&
Rostgo'y
10/05/2020 17:58
Sal shoshmay qaror chiqaraverina xop domlala
&
Rostgo'y
10/05/2020 17:58

2022 yil Qatarda o‘tkazilishi rejalashtirilgan jahon chempionati boshqa muddatga qoldirilishi ko‘rib chiqilmayapti. Bu haqda Rossiyaning RIA Novosti agentligi muxbiriga FIFA vakili ma’lum qilgan.

Manbada aytilishicha, FIFA yig‘ilib qolgan o‘yinlarni qulay muddatda o‘tkazish uchun a’zolar bilan maslahatlashgan holda yechim topadi: «Pandemiya vaqtida futbol jamoatchiligi birdamlik ko‘rsatmoqda va FIFA bu koronavirusning futbolga ta’sirini kamaytirishiga ishonadi», deb FIFA vakilining so‘zlarini keltirgan RIA Novosti.

Agentlikning suhbatdoshi 18 mart kuni FIFA tomonidan maxsus ishchi guruh tuzilgani, bu guruh pandemiya vaqtida qanday harakatlanish bo‘yicha ko‘rsatmalar ishlab chiqqani va xususan, xalqaro o‘yinlar kalendari bo‘yicha ishlayotganini ma’lum qilgan.

Ma’lumot uchun, koronavirus pandemiyasi sabab JCH-2022 saralash o‘yinlari to‘xtatib qo‘yilgan. Jumladan, O‘zbekiston milliy jamoasining Yaman (31 mart), Singapur (4 iyun) va Saudiyaga qarshi (9 iyun) o‘yinlari noma’lum muddatga qoldirilgan. Saralashning «D» guruhida qatnashayotgan O‘zbekiston 9 ochko bilan o‘z guruhida yetakchilik qilmoqda.
&
Нодирбек жовлиев
10/05/2020 13:19
Худди мухлис стадиёнга келиб юргандай гапиришини шунга ӯхгаганлар тӯхтатиб турибти чимпианатни ӯтказавериш керак
&
vatan@
10/05/2020 10:32
Davron aka uylanmang karantindan avval ham hich kim qiziqib stadionga kelmagan endi ham kelmaydi lekin Super ligani boshlansa yaxshi bulardi balki rassiyani klublari bizni futbolchilarga qiziqar kurib buni uylab kurilar iltimos bu mani fikrim.