Ўзбекистоннинг энг совриндор клуби — "Севинч" ими-жимида ёпиб юборилмоқда
Сўнгги пайтларда "футболни ривожлантириш", "янги даражага олиб чиқиш", уни халқ орасида "оммавийлаштириш" ва бошқа баландпарвоз сўзлардан иборат "қуруқ" гаплар кўпайиб кетди. Ўринли савол туғилади: Хўш, футболни ривожлантириш нима дегани?
Мамлакат миқёсида уни юксалтириш ҳақида гап кетар экан, ушбу спортнинг бутун Ўзбекистонни қамраб олиши ҳақида бошқотириш шарт. Футбол бу фақатгина Ўзбекистон милий терма жамоаси эмас! У — бутун бошли механизм! Биргина "мурувват" ишламаса, ўша механизм ҳаракатга келмайди ахир! Қандай қилиб ундан нимадир кутиш мумкин?!
Аёллар футболидаги энг шонли тарихга эга — "Севинч" жамоаси молиявий муаммолар сабабли ёпилиш арафасида турибди. Ўзбекистоннинг 13 карра (!) чемпиони, 10 бор кубок эгасига айланган, Ўзбекистонда аёллар футболининг пойдеворини қуриб берган клуб тугатилиши арафасида!
"Севинч" нафақат яшил майдон, балки пляж футболи борасида ҳам юртимизда тенгсиз жамоа саналади. Жамоа кўплаб халқаро мусобақалар ғолиби. Ўзбекистон аёллар терма жамоасига етказиб берилган кадрлар сони борасида ҳам юртимиздаги бирорта клуб у билан тенглаша олмайди. Майли, натижалар ўз йўлига. Мени хафа қилган нарса бошқа: "Севинч" бу Ўзбек футболида аллақачон бренд даражасига кўтарилган жамоа! Унинг "қулаши", шонли тарих китобимиздаги бир неча саҳифаларни йиртиб ташлаш билан баробардир.
Аввалроқ, Қаршининг "Олимпия" ими-жимида банкрот бўлгани учун ўз фаолиятини якунлаган эди. Энди навбат юртимизнинг энг шонли ўтмишига эга клубига келган кўринади. Сўнгги маълумотларга суянадиган бўлсак, мазкур қарор 2021-йилнинг 1 декабрь санасида қабул қилинган. Бизга маълум бўлишича, клуб "Насаф" ПФК тасаруффига ўтиб кетиши ҳам мумкин. Негадир раҳбарият орадан 17 кун ўтганига қарамай расман баёнот билан чиққани йўқ. Улар нимани кутмоқда? Буниси шахсан менга қоронғи.
"Хўш, шунга шунча ваҳима қилиш шартми?", деб қўл силташга шошилманг. Инсон ҳаёти учун энг хавфли касалликларни барчаси бир нечта босқичдан иборат бўлади. Кўпинча, касалликнинг дастлабки босқичларида инсон оргонизимда ўзгаришлар сезилмайди ва бемор ўзи бетоб эканидан бехабар олтинга тенг вақтни бой беради. Шифокорга мурожаат этганида эса, касаллик бутун танага ёйилиб бўлган бўлади. Тўғри, жуда совуқ ўхшатиш бўлди, аммо бугунги футболимиз оғир хасталикни биринчи босқичидаёқ муолажа олиши шарт эканлигини бундан "юмшоқроқ" тушунтира олмадим. Яхши журналист эмаслигим шу ерда панд берди чоғи.
ФИФА ва ОФК сўнгги йилларда аёллар футболига салмоқли эътибор қаратмоқда. Улар ўртасидаги ЖЧ ва қитъа биринчиликларига бўлган эътибор янги даражага кўтарилди. Мана шундай улкан воқеалар фонида "Севинч"нинг ёпилиши Ўзбекистонда футболга бўлган эътиборга ойна тутгандек бўлди...
Бугун футболимизнинг кечаги ёрқин куни — "Севинч" фаолияти тугатилса, эртага бошқаси ёпилиши нормал ҳолатга айланади. Анча аввал Россия матбуотида бир қизиқ маълумотга кўзим тушган эди. Сўнгги йилларда молиявий қийинчилик сабабли банкрот бўлаётган клублар сони борасида улар Европадаги энг етакчилардан бирига айланиб боришмоқда. Энг қизиғи шундаки, русларда бу тэнденция аёллар жамоаларининг фаолиятини бирин-кетин тугатгани билан бошланган. Майли, "Севинч"ни сақлаб қолиш қўлимиздан келмаса керак, аммо бир саволнинг жавоби мени жуда қизиқтирмоқда: Хўш, эндиги навбат қайси клубга!?
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар