Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқиши “кафолатланди”

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йили АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионатига чиқиш учун жуда яхши имконият ҳосил қилди.

Осиё саралаш минтақасининг учинчи босқичида “А” гуруҳидан жой олган футболчиларимиз тўртинчи тур якунларига кўра, қитъанинг энг қудратли терма жамоаларидан бири Эрон  билан биргаликда гуруҳ пешқадами бўлиб турибди.

Учтадан рақибни енгиб, ўзаро дуранг ўйнаган бу икки терма жамоа энг яқин таъқибчиларини олтитадан очкога ортга қолдирмоқда.

Турли статистик марказлар айни пайтда жаҳон терма жамоаларининг мундиалга чиқиш имкониятларини таҳлил қилиб чиқмоқда.

Хусусан, We Global Football маркази ўз таҳлилларига кўра, Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишига қаттиқ ишонмоқда.

Саралаш турнирининг тўртинчи турида Бирлашган Араб Амирларини мағлубиятга учратган ҳамюртларимиз жаҳон чемпионатига чиқиши мумкин бўлган терма жамоаларнинг умумий рейтингда Япония, Эрон ва Жанубий Кореядан кейин тўртинчи ўринга кўтарилиб олди.

We Global Football экспертлари ҳисоб-китобларига биноан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси “А” гуруҳида Қирғизистонни мағлуб этганида унинг мундиалга чиқиш имконияти 70,3 фоиздан 75,9 фоизга ошган эди.

Учинчи турда Тошкентда Эронга қарши баҳсда қўлга киритилган бир очко терма жамоамиз имкониятини 82,8 фоизга кўтарди.

Ниҳоят, тўртинчи турда Бирлашган Араб Амирликлари 1:0 ҳисобида таслим қилинганидан кейин футболчиларимизнинг ҳар тўртйилликнинг энг нуфузли футбол мусобақасида иштирок этиш имконияти 93,1 фоизга етди.

“А” гуруҳида бу кўрсаткич бўйича энг юқори натижага Эрон терма жамоаси эгалик қилмоқда. Форсларнинг жаҳон чемпионатига йўлланма олиш имконияти 99,6 фоизга баҳоланмоқда.

We Global Football статистик маркази таҳлилларига кўра, Осиёнинг энг кучли ўнта терма жамоасининг 2026 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятлари баҳоланган рейтингдаги динамикаси қуйидагича баҳоланган.

Япония — 99,99% (3-турдан кейин 99,9% эди)

Эрон — 99,6% (98,0%)

Жанубий Корея — 99,5% (97,5%)

Ўзбекистон — 93,1% (82,8%)

Австралия — 75,1% (57,8%)

Ироқ — 53,4% (61,5%)

Иордания — 41,6% (29,0%)

Саудия Арабистони — 16,7% (31,2%)

Баҳрейн — 7,9% (10,6%)

Ўмон — 5,4% (9,4%).

Ўзбекистон миллий терма жамоаси кейинги тур учрашувларини сафарда ўтказади. Хусусан, ҳамюртларимиз 14 ноябрь куни Қатар меҳмони бўлади. Корея Халқ Демократик Республикаси футболчиларига қарши ўтказиладиган олтинчи тур баҳси 19 ноябрь куни нейтрал майдон – Лаосда ташкил қилинади.

Ҳусановда ўзгариш бўлиши кутиляпти

Ўзбекистон ҳимоясини мустаҳкам ушлаб турган Ҳусановнинг ўйини Европада қандай баҳоланяпти?

Нархи 5 миллион еврога етган Ҳусанов қачон гранд клубга ўтади?

Россияда Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқишига ишонишяпти

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ганиев Toир
18/10/2024 09:16
Яна 9 очко олса жчига чикади