Нархи 5 миллион еврога етган Ҳусанов қачон гранд клубга ўтади?
Европада гранд клублар қаторига кирмайдиган аксарият жамоалар иқтидорли ёш ўйинчиларни топиш ва уларни танитиб, олинган суммадан бир неча баравар юқори нархда трансфер қилиш орқали бюджетини тўлдириб бориши одатий ҳол ҳисобланади.
Абдуқодир Ҳусанов ўйнаётган “Ланс” клубини ҳам ана шундай клублар қаторига қўшиш мумкин. Лансликлар ҳам иқтидорли ўйинчиларни кашф этиш ва уларни гранд клубларга транфер қилишга катта эътибор қаратади.
20 ёшли марказий ҳимоячимиз ҳам ўз ўйинлари билан Европада кўзга кўрина бошлади. Франция матбуотида ўзбек футболчиси ПСЖ назарига тушгани ҳақида маълумотлар чиқяпти.
Нуфузли манбалар эса, “Ланс”нинг иқтидорларни кашф этиш бўйича амалга ошираётган ишларини таҳлил қилмоқда.
Sports.uz портали ушбу манбаларнинг “Ланс” ва унинг етакчисига айланиб бораётган Абдуқодир Ҳусанов борасидаги таҳлилларини келтиради.
Ёзда “Ланс” тизимида жиддий ўзгаришлар бўлди. Жамоа Еврокубокларни тарк этганига қарамай, ички чемпионатда мағлубиятсиз ўйнамоқда. Янги бош мураббий Уилл Стилл яхши танлов бўлиб чиқди.
Уилл Стилл 2022-2023 йилги мавсумда “Реймс” бош мураббийи сифатида шогирдлари билан Лига 1 да 19 та ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия қайд этганди. Англиялик мутахассис бу ишини “Ланс”да ҳам давом эттирмоқда ва жамоа дастлабки етти турда мағлубиятга учрагани йўқ.
“Ланс” одатга ва режага кўра, ўтган мавсумда жамоа етакчилари бўлган Эльи Вахи, Нил Эл-Айнауи ва Кевин Дансони ёзда сотувга қўйди. Учта трансфер жамоага мўмай даромад келтириши керак эди. Бироқ фақатгина Эльи Вахи “Марсель”га кўчиб ўтди холос. Нил ва Кевин тиббий кўрикдан ўтолмагани учун “Монако” ва “Рома” трансферларни барбод қилди.
“Ланс” бу етакчиларнинг ўрнига дарров ўринбосар топиб қўйди. Уэсли Саид ва Мбала Нзола Эльи Вахининг йўқлигини билдирмаяпти. Майдон марказида Нил Эл-Айнауининг вазифасини Адриен Томассон, Энди Диуф ва Хамзад Ожедиран бажармоқда. Ҳимоя марказида Кевин Дансо йўқлигидан унумли фойдаланган Абдуқодир Ҳусанов Франция чемпионатининг энг зўр марказий ҳимоячилари қаторига қўшилди ва асосий таркибдан муқим жой олди.
“Ланс” марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов нафақат Франция чемпионатида, балки Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафидаги ишончли ўйинлар билан эътиборни тортмоқда. “Ланс” легионери жаҳон чемпионати саралаши доирасида Эронга қарши юқори даражада ўйнади ва ўз қудратини кўрсатиб қўйди.
20 ёшли ҳимоячида кузатилаётган ақлбовар қилмас ўсиш Transfermarkt портали экспертлари назаридан ҳам қочгани йўқ. Ҳусановнинг трансфер суммаси икки баравар ошиб, 5 миллион еврога етди.
Тўғрисини айтганда, 5 миллион евро “Ланс”нинг истеъдодли ёш ўйинчисига муносиб баҳо эмас. 2023 йилнинг ёзида 100 минг еврога трансфер қилинган ўйинчи бир йилда бир неча баравар қимматлади ва ўсиш давом этмоқда. Бу муҳим эмас.
Энг асосийси, Абдуқодир Ҳусанов “Ланс”да энг керакли ўйинчилардан бирига айланиб бўлди. Аввал унинг ўрнида ҳимоя етакчиси бўлган Кевин Дансо сафга қайтиши билан Уилл Стиллда қайси ҳимоячидан фойдаланиг бўйича янги бош оғриқ пайдо бўлади. Бунақа муаммони кўпчилик мураббийлар орзу қилади. Шундай эмасми?...
Абдуқодир Ҳусанов 2023 йилнинг ёзида Беларуснинг "Энергетик-БГУ" жамоасидан "Ланс"га кўчиб ўтган. У Франция чемпионатида ўйнаган ягона ўзбек футболчиси ҳисобланади.
Фикрлар