"Ўзимни бу ерда бахтли ҳис қилмасам аллақачон кетган бўлардим" - Жамоадошини Черандан устун қўйган Григалашвили хусусида
Ҳамма вақт легионерлар масаласи алоҳида мавзу бўлиб келган. Негаки, чемпионатимизда уларнинг орасида мақтовга сазовор бўлаётганлари билан бир қаторда ўзимизнинг қора кўзларга ўрнак бўлишни эплай олмаётган легионерлар ҳам бор. Шунинг учун ҳам кўпинча хорижлик футболчиларнинг ўйини ва клубга қанчалик фойда келтираётганликлари муҳокама қилинади.
Ҳеч кимга сир эмаски, Суперлигамизда охирги пайтларда сербиялик Драган Чераннинг ўйинлари барчага манзур бўлмоқда. Натижада ушбу ўйинчи энг яхши легионер дея эътироф этилмоқда. Бироқ чемпионатимизда у билан бир қаторда тилга олинишга лойиқ бўлган яна айрим хорижлик ўйинчилар ҳам бор десак, адолатдан бўлади.
Ўз ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган легионерлардан АГМКда тўп сураётган грузиялик Элгужа Григалашвилини эътироф этсак арзийди.
Юртимиздаги фаолиятини “Қизилқум” клубида бошлаган футболчи қисқа фурсат ичида қандай савиядаги ўйинчи эканлигини кўрсата олди. Бунинг эвазига унга кўплаб клубларимиз “совчи” жўнатишни бошладилар. Гужа эса фаолиятида ўзгаришга қўл уриш мақсадида ўтган мавсумнинг иккинчи ярмидан АГМК жамоасига ўтди.
Ўзидан илиқ таассурот қолдиришининг асосий сабаби нима?
Шубҳасиз, Григалашвили Суперлигамизда фаолият олиб бораётган грузиялик футболчилар орасида энг яхшиси бўлиб турибди. Тўғри, унинг майдондаги ҳаракатлари бироз оғир бўлса-да, аммо зиммасидаги вазифаларни уддалаб келмоқда. Хўш, у бунга қандай эришмоқда?
- Ростини айтсам, бунинг ҳеч қандай сири йўқ. Қолаверса, ўзимни оддий футболчи, деб ҳисоблайман. Шунчаки, ўз ишимни жуда ёқтираман. Майдонда эса ҳаммаси ўз-ўзидан юз бераверади, - дейди Элгужа.
Гужа АГМКда қанчалик бахтиёр?
Легионер футболчининг янги жамоасида ўзини қанчалик қулай ҳис қилиши ва ўша ерга қай даражада мослашиб кетишига ҳам кўп нарса боғлиқ. Бундай омиллар эса якунда футболчининг ўйини қандай кўриниш олишини белгилаб беради. Биз ундан АГМКда ўзии қандай ҳис қилаётганини сўраганимизда жавоби аниқ ва лўнда бўлди:
- Биласизми, агар ўзимни бахтиёр ҳис қилмасам, аллақачон кетган бўлардим.
Карантин пайтида ортиқча вазнга эга бўлишдан хавотирдами ёки...
15 мартдан буён чемпионатимиз тўхтатиб қўйилганини яхши биласиз. Бундан ҳолатда эса футболчилар ўз уйларида индивидуал тарзда шуғулланиб келишмоқда. Лекин, барибир, майдонда жамоа билан шуғулланишнинг гашти бошқача бўлади. Карантин чоғида эса футболчи ўз ишига профессионал томондан ёндашар экан, унда ортиқча вазн кузатилмаслиги табиий. Бу борада Григалашвилининг ҳолати қандай? Ортиқча вазн уни безовта қилмас экан:
- Аксинча, ўтган вақт давомида нақд 4 килограмга оздим. Очиғи, бунинг сабабини ўзим ҳам билмаяпман.
Унинг учун чемпионатимиздаги қайси легионер кучли?
Мақоламиз бошида Суперлигадаги энг яхши легионер сифатида “Пахтакор” футболчиси Драган Черанга тўхталиб ўтгандик. Юртимиздаги хорижлик ўйинчилар ҳам бир-бирларининг ўйинлари ҳамда натижаларини диққат билан кузатиб боришларига шубҳа йўқ. Қолаверса, ҳар кимнинг диди ҳар хил бўлади. Кўпчиликка Чераннинг ўйинлари ёқаётганлиги сабабли ҳамма уни мақтовларга “кўмиб” юбораётгани ҳам сир эмас. Шу масалада АГМК легионери Гужа билан гаплашганимизда, унинг бу борадаги муносабати бошқаларникидан бироз фарқ қилган ҳолда жамоадошини устун қўйди.
- Натижа бўйича Драган Черанни айтиш мумкин, лекин менга Мате Ватсадзе кўпроқ ёқади.
Арвеладзе билан “Пахтакор”да ишлашни хоҳлайдими?
Черанга “Пахтакор”да устозлик қилаётган Шота Арвеладзе Григалашвилининг ҳамюрти. Улар бир-бирларини танишларига шубҳа бўлмаса керак. Бизни қизиқтиргани шуки, Гужа ҳам Арвеладзе қўли остида “Пахтакор”да тўп суришни хоҳлайдими? Лекин бу масалада ушбу футболчи эҳтиёткорлик билан қисқача шундай деди:
- Ҳа, биз Арвеладзе билан танишмиз. Ўйлайманки, Ўзбекистондаги ҳар бир футболчи “Пахтакор”да тўп сурсам, дейди.
Фикрлар