"Озми-кўпми, ушбу факторларни инобатга олмай иложимиз йўқ" - "Пахтакор"-"Насаф" ўйини олдидан Мурзоев қандай фикрда?
Бугун Суперлиганинг 2-тури бошланади. Тошкентда амалдаги чемпион “Пахтакор” асосий рақобатчиси Қаршининг “Насаф” жамоасини қабул қилади.
Шубҳасиз, бугун барчанинг эътибори “Пахтакор” марказий стадионига қаратилади. Охирги пайтларда янграётган ким кучли, деган саволга жавоб олинса ажаб эмас.
Албатта, бунда “Насаф”нинг имкониятини юқори баҳолаётганлар бисёр. Мутахассисларимиздан бири Камолиддин Мурзоев мазкур ўйинга муносабат билдирди.
- Пахтакор-Насаф учрашувидан нима кутяпсиз?
- “Пахтакор” – “Насаф” сўзсиз тур афишаси. Бу учрашувга ортиқча рекламани ҳожати йўқ. Биттагина ҳолат борки, ўйин мавсум бошида ўтаётгани ва иккала жамоани ҳали тўлиқ оптимал формада эмаслигини инобатга олмасак, нафақат турнинг, балки мавсум ўйинларидан бири. Чиройли, мазмунли ва иккала клубни руҳидаги футболни кутяпман.
- Кўпчилик "Пахтакор"ни бироз кучсизлангани, ёшларга кўпроқ эътибор қараётганини ва аксинча "Насаф" бир мунча кучайганини эътироф қилмоқдалар. Бу факторлар баҳс олдидан қанчалик асосли?
- Тўғри, “Пахтакор”дан Ҳамробеков, Сайфиев, Турғунбоев кабиларнинг кетиши жамоани кучсизланди, десак бўлади. Лекин шунинг билан биргаликда “Пахтакор” – бу “Пахтакор. Сақлаб қолинган таркибини кучсиз деб ҳам бўлмайди. Бу ўша биз билган “Пахтакор”. Академияси ва ёшларини тарбиялаш бўйича доимо илғор клубларимиздан бўлган. “Насаф” борасида фикрингизга қўшиламан. Ҳар йили яхши мавсум ўтказганидан сўнг 2 ёки 3 та лидер футболчиларини қўйиб юборарди. Бу йил аксинча, “Насаф” ўтган йилги таркибини сақлаб қолиш билан биргаликда сафини кучайтира олди. Факторларни ўйинга таъсири ҳақида гапирадиган бўлсак, буни албатта майдонда 90 дақиқадан сўнг билиб оламиз. Бугунги кунда футболда факторлар, номлар чеккага сурилиб қўйиладиган пайтлар ҳам бўлади. Албатта, озми-кўпми, ушбу факторларни инобатга олмай иложимиз йўқ. Лекин, ўйлайманки, учрашувнинг умумий тузилишига бу нарсалар ҳалақит бермайди.
- Сиз бу учрашувда қандай натижани кутяпсиз?
- Натижага келадиган бўлсак, жамоалар томошабоп ўйин ўтказиб беришларини кутяпман. Сермаҳсул ўйин бўлиши ва иккала клуб очиқроқ футбол кўрсатишини жуда хоҳлардим. Бу чемпионатнинг боши ва ҳали ушбу тўқнашув стратегик жиҳатдан бирор-бир нимани белгилаб берадиган даражада эмас.
- Ўйиннинг "Пахтакор"да ўтиши мезбонларга қанчалик устунлик бериши мумкин, деб ўйлайсиз?
- Очиғи, бу катта фактор ўйнамайди. Барибир, тан олишимиз керак, агар рақиб водий клуби бўлганида мезбонлар, томошабинлар жиҳатидан устунлик бериши мумкин эди. Аммо ўйинни “Пахтакор”да ўтаётгани қанақадир катта устунлик беради, деб айта олмайман. Фақат “Пахтакор” 1-турни уйида ўтказгани ва “Насаф” Қаршидан келиши каби ҳолат бор холос.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар