ЎзПФЛ “Бухоро” футбол клуби раҳбариятининг алмашинуви бўйича суриштирув бошлади

Маълум бўлишича, 5 июнь куни Coca Cola Суперлига иштирокчиси бўлган “Бухоро” футбол клубида навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилган ҳамда амалдаги директор Жамшид Ботиров ишдан олинган. 

Бухоро шаҳар ҳокимлиги ҳамда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармасидан вакил иштирок этган йиғилишда Алишер Рустамов “Бухоро” футбол клубининг янги директори сифатида таништирилган. Ҳисоб бўйича бу Алишер Рустамовнинг учинчи бор клубга директор бўлиб келишидир.

Мусобақаларни ўтказиш регламентининг 6.15 бандига кўра, бирор клуб раҳбариятида ўзгариш юз берса, бу ҳақда ЎзПФЛ уч кун ичида ёзма равишда хабардор қилиниши лозим. Карантин давридан кейин қайтаётган футбол мавсуми арафасида ЎзПФЛ вазиятдан келиб чиқиб бир қатор масалаларни қайта кўриб чиқишга, айримларини ўзгартиришга мажбур. Мана шундай вақтда “Бухоро” футбол клуби раҳбариятидаги ноаниқликлар ЎзПФЛ ишини қийинлаштиради. Сабаби, ташкилот на расман огоҳлантирилди ва на янги директор тайинлови расман протоколлаштирилди. ЎзПФЛ уч кундан буён йиғилиш протоколини қўлга кирита олмади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5887-сон Фармонига мувофиқ 13 та профессионал футбол клубларнинг устав фондидаги хўжалик жамиятлари ва ҳокимиятларнинг улушлари Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилгандан сўнг Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясининг қарорига асосан сотилиши белгиланган. Мазкур вазифа ижросини таъминлаш мақсадида  ЎзПФЛ ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамкорликда ушбу 13 та футбол клуби фаолиятини атрофлича ўрганиб чиқиляпти. Улар орасида “Бухоро” футбол клуби ҳам бор бўлиб, айни вақтда унинг активлари агентликка ўтказилаётгани сир эмас. Айни вақтда “Бухоро” футбол клубининг Бухоро шаҳар ҳокимлигига тегишли бўлган 20 фоизлик улушни, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига тегишли бўлган 80 фоизлик улушни агентликка ўтказиш ишлари олиб бориляпти. 

“Бухоро ПФК” МЧЖ Уставининг 15.2-бандига мувофиқ футбол клуби директори Таъсисчиларнинг Умумий йиғилиши томонидан тайинланиши ва лавозимидан озод қилиниши белгиланган. 

Мана энди савол туғилади. “Бухоро” футбол клубининг янги директори қайси асосга кўра лавозимига тайинланди? Лавозимга тайинлаш жараёнидан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи хабардор этилдими ёки иштироки таъминландими?

Директорни тайинлашни расмийлаштириш билан боғлиқ тегишли хужжатлар ЎзПФЛга ўз вақтида тақдим этилмагани  “Бухоро” футбол клубининг янги директори қайси асосга кўра лавозимга тайинланганини аниқлаштириш заруриятини вужудга келтирмоқда.

Манба: ЎзПФЛ

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ramazonov Murod
08/06/2020 14:58
Диер факат шу Бухорони ковлашдан бошка иши йук узи пфлни нима фойдси бор суперлига факат шу таквим чикаришми