ЎзПФЛ комиссарлари учун семинар ташкил этилди

ЎФА расмий сайтининг хабар беришича 24-25 июль кунлари Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси ҳам миллий чемпионатимиз учрашувларида фаолият олиб борадиган комиссарлар учун биринчи марта ўқув-семинари ташкил этди. Семинарни ФИФА комиссари Олим Арифов олиб борди. 

Семинар давомида учрашув комиссарининг вазифа ва ваколатлари, комиссарлар ўйиннинг яхши савияда ташкил этилишида эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатлар, ушбу соҳадаги янгиликлар, қолаверса, халқаро даражадаги ўйинларни ўтказишда ФИФА ва ОФК тажрибалари хусусида мутахассисларимизга батафсил маълумот берилди.

Икки кундан иборат бўлган семинар давомида ФИФА инструктори Владислав Цейтлин ўйин қоидалари бўйича тақдимот ўтказди. Шунингдек, ЎзПФЛ Лицензиялаш бўлими бошлиғи Александр Давиденко янги ишлаб чиқилаётган электрон тизимда ўйин бошланғич таркиблари ҳамда қайдномаларни тўлдириш бўйича маълумот берди.

Бундан ташқари “Пахтакор” стадионида ўйин ташкилотчилиги, учрашув олдидан стадионни кўздан кечириш, ўйин олди ва ундан кейинги жараёнларни бажариш бўйича амалий машғулотлар ҳам ташкил этилди.

ЎФА Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳам миллий чемпионатимиз учрашувларида фаолият олиб борадиган комиссарлар билан учрашиб, уларнинг зиммасида улкан масъулият, шу билан бир қаторда уларга нисбатан юксак ишонч бор эканини алоҳида қайд этди.

- Комиссар – ЎФА ҳамда ЎзПФЛнинг учрашув ўтадиган стадиондаги вакили сифатида барча ташкилий масалаларга масъул саналади. Бундан буён ҳар бир комиссарнинг иш фаолияти ўрганиб, таҳлил этиб борилади. Бундай семинарлар тез-тез ташкил этилиб, комиссарларимиз малакасини ва иш тажрибасини оширишга, халқаро учрашувларда ишлайдиган етук комиссарлар тайёрлашга ҳаракат қиламиз, - деди Равшан Эрматов.

Семинар якунида иккинчи давра учрашувларида фаолият олиб борувчи комиссарларга ЎФА Биринчи вице-президенти томонидан сертификатлар топширилди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!