ЎзПФЛ вакили Суперлига ўйинлари қачон бошланиши ҳақидаги саволга жавоб берди

Пандемия сабаб дунёнинг аксарият мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам оммавий тадбирлар, шу жумладан Суперлига беллашувлари номаълум муддатга тўхтатиб қўйилган эди.

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директор ўринбосари Диёр Имомхўжаев чемпионатнинг қачон тикланиши борасида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

“Европа чемпионатлари қачон бошланиши ва қандай ўтказилиши юзасидан миллион хил хабарлар чиқди. Хусусан, ўзим ҳам Футбол-ТВ студиясида бу каби хабарларни ҳамкасбларим билан кўп муҳокама қилдим. Айтишим керакки, ўша тахминлар тахминлигича қолиб кетди. Чунки карантин қачон якунига етиши фақатгина Яратганнинг ўзига аён.

Ғарбда ҳар бир кун катта пул. Телетрансляциялар катта пулга сотиб қўйилган, ҳомийлар миллиардлар ажратган, танаффус футбол клубларини инқирозга яқинлаштиряпти. Шундай экан, кунига миллионлаб хабарлар болалаши турган гап. Бизда эса вазият бироз бошқачароқ. Айтайлик, ЎзПФЛ чемпионат 1 май санасидан старт олса, тақвим қандай бўлиши ҳақида аллақачон режа ишлаб чиққанди. Бироқ энди маълумки, 1 май старт куни бўлмаслиги аниқ. Шу ва шу каби охири йўқ саволлар устига қурилган тахминларни чиқармадик. Сабаби битта — чемпионат старти ЎзПФЛга боғлиқ эмас. Бунинг учун ҳукуматнинг расмий рухсати керак, усиз биз ҳеч нарса қилолмаймиз ҳам, айтолмаймиз ҳам.

Карло Анчелотти футболчилар ўз формаларини ҳаминқадар тиклаб олишлари учун икки ҳафта муддат етарли эканини айтди. Кейинроқ Вадим Абрамов жароҳатлар кўпайиб кетмаслиги учун ҳам ўша икки ҳафта кераклигини тушунтирди. ЎзПФЛ албатта мутахассислар фикрини инобатга олади. Шундан келиб чиқиб, биз 8 кун аввал ҳукуматга ўз таклифимизни бердик. Яъни, машғулотларни ёпиқ ҳолатда бошлашга рухсат берилиши тўғрисида.

Бу қандай бўлади? Худди терма жамоа йирик турнирга тайёргарлик кўраётгани каби, ҳар бир клуб ўз базасига “қамал қилинади”. Бунда санитария талабларига тўла риоя этилади. Футболчилар базадан ташқарига чиқмайди ва фақат машғулотларни давом эттиради. Ошпазлар, фаррошлар, шифокор, массажист, мураббийлар ва жамоа барчаси шу базада маълум муддат истиқомат қилади. Бу ҳолат бизга вақтдан ютиш имконини беради. Яъни, карантин якунланса, футболчилар ўз формасини анча тиклаб улгурган бўлади.

Карантиндан сўнг учрашувлар маълум муддат мухлисларсиз ўтказилади. Фақат битта шарт билан — учрашувларнинг барчаси албатта жонли намойиш этилиши керак. Бу биринчи навбатда ЎзПФЛ ҳамда клублар томонидан имзоланган ҳомийлик шартномалари шартларини ҳимоя қилади, иккинчи навбатда мухлислар учрашувларни бевосита кўра олиш имконига эга бўлади ва табиийки, шаффофлик юзага чиқади. Учинчи томондан эса Европанинг бир қатор чемпионатларида танаффус экани кутилмаганда катта эътиборнинг Ўзбекистонга қаратилишига туртки бўлиши мумкин”.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Бахтиёр Тоштемиров
29/04/2020 21:23
Bu mavsum bo‘m bo‘w stadionlarda o‘yin bo‘ladi
&
Нодирбек жовлиев
29/04/2020 14:12
Буйерда бир аниқ жавоб йӯқку диёр