Паралимпия. Вазир иштирок этган йиғилишда долзарб масалалар ҳақида сўз борди

Бугун Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг мажлислар залида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Спортни ривожлантириш вазири Адхам Икрамов, Осиё Паралимпия қўмитаси вице-президенти - Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Миллий паралимпия қўмитаси ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари, қўмита мутахассислари, спортчилар ва тренерлар иштирок этишди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

20221102141718_IMG_5443

Тадбирни очиб берган Спортни ривожлантириш вазири Адхам Икрамов юртимиз паралимпиячиларининг халқаро нуфузли мусобақаларда кўрсатаётган матонати ва иродаси, қўлга киритаётган натижаларини алоҳида эътироф этган ҳолда, буларнинг барчаси сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимиз томонидан Паралимпия ҳаракатига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг яққол намунаси эканини таъкидлади.

Ўз навбатида қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев ҳам спортчи ва тренерларга яратилган шароитлардан унумли ва тўғри фойдаланган ҳолда, кўзланган натижага эришиш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва уларни такрорламаслик бўйича фикр билдирди.

20221102142022_IMG_5479

Шундан сўнг йиғилиш кун тартибидан ўрин олган масалалар юзасидан сўз борди. Жумладан, “Диний экстремизм ва терроризм жамият тараққиётига таҳдид” мавзусида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Бекзод Соипов, “Коррупция тушунчаси” мавзусида Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходими Ғулом Явкачов, Ханжчоу-2022 Пара Осиё ўйинлари ҳамда Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш тўғрисида Миллий паралимпия қўмитаси департамент директори Назиржон Худайқулов маъруза қилди.

photo_2022-09-16_12-24-23

Бундан ташқари, қатнашчиларга пара спортчилар ва тренерларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солувчи Кодекс тарқатилди ҳамда бу бўйича атрофлича тушунча берилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!