Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида III Параосиё ўйинлари давом этмоқда.

Бунгача дзюдо, енгил атлетика, пауэрлифтингчиларимизнинг муваффақиятлари ҳақида хабар қилгандик. Энди эса сузувчиларимиз терма жамоамизга кетма-кет медаллар шодасини тақдим этишди. 100 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида эркаклар ўртасида шоҳсупадан бизнинг спортчилар ўрин олишди. Ислам Асланов маррага биринчи бўлиб етиб келди ва олтин медаль қўлга киритиши баробарида Параосиё ўйинлари рекордини ҳам ўрнатди. Ундан кейинги ўринларни мос равишда Музаффар Турсунхўжаев ва Дмитрий Хорлинлар эгаллашди. Ҳудди шу йўналишнинг аёллар ўртасидаги баҳсларида Фотимахон Омиловага тенг келадиган рақиб топилмади. Кумуш медалга эса Шоҳсанамхон Тошпўлатова эга чиқди. Бу ҳақда МОҚ расмий сайти хабар бермоқда.

Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоасининг Параосиё ўйинларидаги медаллари сони 20тага етди. Уларнинг 12таси олтин медаль эканлигини алоҳида қайд этиш лозим. Кумуш медаллар сони 5та бўлса, ҳамюртларимиз яна 3та бронза медалларига сазовор бўлганлар.

Медаллар жамғариш рейтингида Ўзбекистон терма жамоаси Хитой ва Жанубий Кореядан сўнг учинчи ўринни эгаллаб турибди.