Париж Олимпиадаси 2-саралаш босқичи. Ўзбекистон ва Япония аёллар терма жамоаси бош мураббийлари матбуот анжуманида иштирок этди

"Womenʼs Olympic Football Tournament Paris 2024" турнири доирасида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Япония термаси билан куч синашди. Унда вакилаларимиз 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. 

Беллашувда голларга Минами ва Чиба муаллифлик қилди. Ҳамюртларимиз бу баҳсни голсиз тарк этди. Мазкур ўйиндан сўнг бош мураббийлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. 

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийи Мидори Ҳонда:

Ҳар икки жамоа ғалаба қозониш учун ҳаракат қилди. Япония жуда кучли жамоа, уларга қарши баҳс биз учун катта тажриба бўлди. Япониялик футболчилар тўп билан яхши муомала қилишди ва кучли ўйин намойиш этишди.

Дастлабки дақиқалар биз учун мураккаб ўтди. Иккита тезкор гол ўтказиб юборган бўлсак-да, қарши ҳужумларга таяндик. Бироқ футболчиларнинг руҳияти тушмади ва аксинча янада кучлироқ ўйин кўрсатишга ҳаракат қилдик.

Асосий мақсадимиз 3-саралаш босқичига йўл олиш. Шу сабабдан Ҳиндистон билан ўйинда фақат ғалаба учун майдонга чиқамиз.

Япония аёллар терма жамоаси бош мураббийи Футоши Икеда:

Гуруҳдаги асосий учрашувда чиройли ғалабага эришдик. Ушбу баҳс учун ўз режаларимиз бор эди. Барча футболчилар ўзларига юклатилган вазифаларини аъло тарзда бажарди. Вьетнамга қарши ўйинда ҳам ғалаба учун майдонга чиқамиз. Бироқ футболчиларнинг жисмоний ҳолатига ҳам эътибор қаратамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!