Париж ва Лос-Анжелес Олимпия ўйинларига Жанубий Корея билан ҳамкорликда тайёргарлик кўрилади
Бугун Жанубий Корея Геонгги-до таэквондо ассоциацияси раиси Ким Кёнг Док бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Меҳмонларни МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов қарши олди. Делегатлар ташриф давомида ўзбек спортининг бой тарихи билан яқиндан танишишди. Шундан сўнг томонлар ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.
“Сизларни Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида кўриб турганимиздан мамнунмиз. Ҳурматли Президентимизнинг эътиборлари билан мамлакатимизда ҳар бир спорт тури қатори таэквондо ҳам жадал ривожланиб бормоқда. Бунда кореялик таэквондо мутахассисларининг хизматларини алоҳида тилга олмоқчимиз. Токио-2020 Олимпия ўйинларида делегациямиз учун ушбу спорт туридаги илк олтин медални тақдим қилишимизда уларнинг меҳнати катта бўлган. Кеча давлатимиз раҳбари спорт таълимини яхшилаш, иқтидорли спортчиларни саралаш мавзусида видеоселектор йиғилишини ўтказдилар. Таэквондони юртимизда янада ривожлантириш борасидаги режаларимиз билан Президентимиз берган топшириқлар ижросини таъминлаймиз”, – деди Шерзод Ташматов.
Ўз навбатида, меҳмонлар ҳам юртимизда таэквондо ривожи янги босқичга чиқаётганини алоҳида таъкидладилар.
“Ташрифим давомида Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва бир қанча ҳудудларда бўлдим. Бу мамлакат менда жуда илиқ таассурот қолдирди ва Ўзбекистондан кетишни истамаяпман. Давлатингиз бой спорт тарихига эга. Токио-2020 Олимпиадасида ўзбекистонлик таэквондочининг илк бор олтин медални қўлга киритгани мени хурсанд қилган эди. Миллий терма жамоа вакилларининг машғулотини кузатганимда Ўзбекистондан келажакда ҳам кўплаб чемпионлар етишиб чиқишига амин бўлдим. Таэквондо спортида бундай иқтидорли кадрлар кўп бўлган мамлакатингиз билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилиш биз учун ёқимли”, – деди жаноб Ким Кёнг Док.
Хорижлик мутахассис Ўзбекистон таэквондо WT ассоциациясининг фаолияти Корея Республикаси таэквондо ассоциацияси билан ўхшашлиги, терма жамоамиз вакилларини Париж-2024 ва Лос-Анжелес-2028 Олимпия ўйинларига тайёрлашда ўзаро ҳамкорликда ишлашга тайёр эканини алоҳида урғулади. Суҳбатда ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик тренер ва ҳакамларнинг малакасини ошириш учун уларни Корея Республикасига юбориш, спорт тиббиёти, фармакология, диеталогия йўналишларида эришилган сўнгги муваффақиятлар бўйича ўзаро тажриба алмашиш мавзуларида фикр билдирилди.
Йиғилиш якунида МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов меҳмонлар билан учрашиб, уларнинг Қўмитамизга қилган ташрифидан мамнун эканини, келгусида чуқур ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан хурсанд бўлишини билдирди.
Фикрлар