
Партисиз "Арсенал" Дембеленинг сеҳрли ўйинига қарши тура олмади. ПСЖ ғалабасининг таҳлили
Кеча бўлиб ўтган "Арсенал" - ПСЖ баҳси таҳлил талаблигини таъкидлаш керак. Ўйинда бўлаётган жараёнларни кўра туриб, ПСЖ буни қандай уддалаяпти деган саволни кўпчилик ўзига берган бўлса ажаб эмас.
Мазкур беллашув олдидан Томас Парти ўйинни ўтказиб юбориши аниқ эди. Бироқ унинг йўқлиги "Арсенал" учун бу қадар кўп муаммолар келтириб чиқаришини кўпчилик тахмин ҳам қилмаган бўлса керак. "Тўпчилар" ҳужум марказида тажрибали, аммо кўп ҳолларда алтернатив сифатида кўрилувчи Троссард пайдо бўлди. Алдамчи тўққизлик сифатида мавсумнинг катта қисмини ўтказаётган ва "Реал"га қарши ҳам асосий қуроллардан бири сифатида хизмат қилган Мерино ярим ҳимоя позициясига қайтишга мажбур бўлди. Меринонинг бу позицияга қайтиши ортидан Райснинг ярим ҳимоядаги ҳаракатлари чекланди. Биринчидан, Райс ҳамда Мерино тандемида у қадар ҳам ҳамжиҳатлик йўқ эди. Бундан ташқари, Деклан Партининг йўқлиги ортидан ҳимояга кўпроқ эътибор қаратишга, яъни Томаснинг ролини олишга мажбур бўлди. Унинг тандеми ҳисобланган Меринонинг у қадар тез эмаслиги сабабли ярим ҳимояда муаммолар келиб чиқди. Бундан ташқари, ролларни тушунмаслик ҳолати ҳам содир бўлди.
Биринчи гол урилган эпизодда Деклан Райс зарба позициясига чиқиб бораётган Дембелени ёпиш ўрнига қанотдаги Кварацхелия томон ошиқди. Бунинг оқибатида Усмон зарба бериш учун қулай позицияга чиқди ва гол урди.
Қарангки, жамоаси таркибида SofaScore талқинига кўра, энг баланд балл олган Райс бу учрашувда бир қатор эпизодларда хато ҳаракат қилди.
Райс катта бўшлиққа эга бўлиб турган Эдегорга пас бермади.
Деклан босим остида қанотга ўтди.
Мазкур эпизодда эса ҳал қилувчи узатмани бериш ўрнига босим остида шеригига ноқулай пас берди.
Бу эпизодда эса Райс ўнг томонга қарагани йўқ, у ерда икки нафар шериги кўпроқ бўшлиққа эга эди.
Ва у тўпни Троссардга узатди, бу ерда бельгиялик парижликларнинг босими остида қолиб кетди.
Биз Райснинг классига шубҳа қилмоқчи эмасмиз. Шунчаки, у ўзига бироз бегона ролда ҳаракатланди. Парти ва Жоржиньо жамоасининг ҳужумдаги позициясини яхшилайдиган ва ҳужум йўналишини белгилаб беришда актив ҳаракат қилувчи футболчилар типига киради. Райснинг ҳужум профили эса кўпроқ тўп билан жуда тез ҳаракат қилиши. Яъни у босимни пас ва узатмалар билан энгишдан кўра тезлик ва индивидуал маҳорати билан йўққа чиқаришни яхши уддалайди.
Айнан у ўзи устун бўлган ҳаракатлари билан 55-дақиқада ажойиб рейд уюштирди ва Троссардни дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқариб юборди.
Беллашувда диққатимизни тортган яна бир ҳолат бу "Арсенал" майда пас билан ўйнаб кетувчи эпизодларни ҳам жарима зарбаларига айлантиргани бўлди. Райя ҳатто майдон марказидан тўпни шу ҳолатда ўйинга киритяпти.
Тасаввур қиляпсизми, замонавий футболнинг йирик намоёндаларидан бири бўлган ва позицион футболчи севувчи "Арсенал" шундай қиляпти? Бунинг асосий сабаби битта. "Арсенал" ПСЖнинг босимига дуч келишни истамади. Бундан ташқари, эҳтимолий қарши ҳужумлар вужудга келмаслиги сабаби ҳам шундай қилишга мажбур бўлди.
ПСЖнинг прессингда бу қадар кучли ҳаракат қилишида асосий омиллардан бири ва учрашув аввалида Париж клубининг катта ташаббус билан ўйинни ўтказишида асосий қурол Дембеле бўлиб берди. Алдамчи тўққизлик позициясига кўниккан Дембеле мазкур учрашувда тўп билан баъзан майдон марказида, баъзан ўнг қанотда ва баъзан чап қанотда пайдо бўлди, позицион ҳужумларни бошланишида Райядан кейинги фаза бўлган Салибага доимий босим уюштирди. Усмон нафақат ўз позициясида, балки, ҳамма ерда эди.
Шунингдек, Фабиан Руис бу баҳсда Деклан Райсни ўз ортидан олиб юргани ҳам кўп эпизодларда кўзга ташланди.
Агар у Райсни ўз ортидан эргаштирмаганида, ҳужумга ўтиш зонаси ёпилиб қоларди.
Хуллас, учрашув аввалида "Арсенал" бу ҳолатга тайёр эмасди. Бироқ "тўпчилар" аста-секинлик билан бунга мослашди ва ташаббус "тўпчилар" томонга ўтди. Луис Энрике бундай ҳолатда "Арсенал" ҳужумда ўта хавфли эканлигини биларди.
Шу туфайли "Арсенал"ни ҳимояга яқинлаштириш ўрнига уларни майдон маркази ва баъзан ундан ҳам олдинроқда тўхтатишга ҳаракат қилди. Франция чемпионатини ютиб бўлган, ўйинларга дам олган ҳолда бемалол келиши мумкин бўлган ПСЖ футболчиларида чарчоқ аломатлари умуман сезилгани йўқ. Улар 90 дақиқа прессинг қилишди. Бундан ташқари, париж клубида ресурслар борасида ҳам муаммо йўқ. Яъни ҳужум тезлигини худди ўша ҳолатда сақлаб қолувчи Барколья ва Рамуш ўйинга қўшилди. "Арсенал" 0:1 ҳисобида "Эмирейтс"да ютқазаётганди. Уларда ҳисобни тенглаштириш учун вақт кўп эди. Бироқ учрашувнинг сўнгги 20 дақиқасида улар деярли хавфли вазиятлар ярата олмади. Яратмади эмас, бунинг уддасидан чиқа олмади. ПСЖ бунга йўл қўймади.
Бу учрашувда парижликлар сафида энг ёмонларидан бири бу Ашраф Ҳакими бўлди, наздимда. Сабаби, айнан унинг ҳимоядаги камчиликлари сабабли "Арсенал" хавфли ҳужумлар ярата олди, холос.
Мисол учун, 45-дақиқада рўй берган эпизодда Люис Скелли уни осонлик билан алдаб ўтди ва Мартинеллига тўпни узатди. Ашрафнинг бахтига бу вазиятда Доннарумма эпизод қаҳрамонига айланди. Шунингдек, у тайм сўнггига яқин сариқ карточка олди. Иккинчи таймда бу қизилга айланиши ҳам мумкин эди. Бирга-бир ҳолатлада ва чуқур ҳимояда Ашраф ишончли эмас. Париж маълум дақиқаларда ҳимоялангани ва ЛьюисСкеллининг ёввойи техникаси сабаб бу балки бўлиши кутилган жараёндир.
Луис Энрике шогирдлари жавоб баҳси олдидан яққол фаворитдек кўринмоқда. Парижликлар қарши ҳужумларда жуда яхши ва узоқ давом этувчи тўп назорати орқали ўйинни ўлдиришга қодир жамоа. Лондонликлар учун яхши шуки, Томас Парти қайтади. Бу Мерино ва Райс учун қулай муҳитни яратиши мумкин. Хуллас, жанг тугамади. Тўғри, фаворит бор, аммо бу жавоб баҳсида ПСЖга осон бўлади, дегани эмас. Артета созламаларни тўғрилай олса ва ПСЖда қайсидир детал ишдан чиқиб кетса, жавоб баҳсида умуман кутилмаган сценарий гувоҳи бўлишимиз мумкин. Ҳа, мана шу икки мураббий қўл остидаги жамоалар ҳаракат қилганда масала тактикага бориб тақалавериши аниқ.
Карим Худайқулов
(Таҳлилда Sports.ru таҳлилий журналисти Вадим Лукомскийнинг фикрларидан ҳам фойдаланилди)
Фикрлар