Суперлиганинг 9-турида "Пахтакор" Тошкентда АГМК жамоасини қабул қилади. "Пахтакор" клуби матбуот хизмати ўйинга оид маълумотларни тақдим этди.

Олмалиқ шаҳри жамоасига қарши "Пахтакор" чемпионатлар тарихида 24 учрашувда майдонга тушган. 18 беллашув "шерлар" ғалабаси билан якунланган. 2 ўйин дуранг билан тугаган ва 4 бор рақиб муваффақиятга эришган. 5 марта пойтахтликлар ушбу жамоани йирик ҳисобда доғда қолдиришган.

Тошкентда АГМК бир марта, 2013 йил 2:1 ҳисобида зафар қучган. Ўз майдонида "Пахтакор" 9 ғалаба, 2 дуранг ва 1 мағлубиятни қайд этган.

"Пахтакор" олмалиқликлар дарвозасини 40 бор ишғол қилган. Рақиб эса 14 гол уришга эришган. Ўзаро ўйинларда "шерлар" тўпурари Игорь Сергеев ҳисобланади. У 6 бор ушбу жамоа дарвозасига гол урган. Одил Аҳмедов ва Шерзодбек Каримов ҳисобида 5тадан гол бор. Владимир Козак ва рақибдан Зафар Полвонов 3тадан тўпга эга. Александр Гейнрих, Марко Симич ҳамда Драган Черан 2 мартадан рақиб дарвозасини ишғол қилишган.

Ўтган йили жамоалар чемпионат ўйинларидан ташқари икки кубок мусобақа финалида тўқнаш келишган. Барча тўрт учрашувда "Пахтакор" АГМКдан йирик ҳисобда устун келган. Чемпионатда 4:1 ва 3:0, кубоклар финалларида 3:0 ва 6:2 ҳисобида рақибни тор-мор келтирган.

Жамоалар сафида дисквалификацияга учраган футболчилар йўқ.

"Пахтакор" ва АГМК ўртасидаги учрашув 13 июль, душанба куни 20:00да "Пахтакор" стадионида бошланади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)