"Пахтакор" - "Насаф". "Навбаҳор" "Насаф"га қандай устунлик тақдим этди? (Превью)
Бугун соат 18:30 да Тошкентдаги "Пахтакор" марказий стадионида чемпионатимизда бурилиш ясаши кутилаётган учрашув бўлиб ўтади. Қаршининг "Насаф" клуби Тошкентда "Пахтакор" билан куч синашади. SPORTS.uz ўйин атрофидаги воқеалар ва жамоаларнинг имкониятлари борасидаги қизиқарли маълумотларни тақдим этади.
"Насаф"га тақдир совғаси
Кеча "Навбаҳор" "Бунёдкор" билан ўйинда очко йўқотгач, "Насаф" анча енгил тин олган бўлиши аниқ. Сабаби, бугунги баҳсда энди воқеалар ривожининг бориши кескин ўзгарди. Яъни, "Насаф"ни бу ўйинда дуранг юз фоиз қаноатлантиради. Гап шундаки, ортда қувиб келаётган "Навбаҳор" "Бунёдкор"ни енгганида, "Пахтакор" билан ўйиндаги бир очко "Насаф"Ни чемпионат пешқадамлигидан маҳрум қилган бўлар эди. Энди вазият анча юмшади.
Тошкентда Рўзиқул Бердиев вабанкка боришга мажбур эмас. У қарши ҳужумга таянган эҳтиёткор тактика танлаши, пастроқ темпда футбол ўйнаш имкониятига эга. Бу омил "аждарлар"ни анчагина хотиржам майдонда тўп суриши учун замин яратади. "Пахтакор"да эса, аксинча. "Шерлар" яқин ўтмишдаги ўзининг энг омадсиз мавсумини ўтказмоқда. Кубок ва ОЧЛдаги омадсиз иштирокдан сўнг, мамлакат чемпионлигини сақлаб қолиш шарт. Максим Шацких клуб раҳбариятини ўз ҳақиқатига ишонтириши учун ҳам мавсумни қутқариб қолишга бор кучи билан ҳаракат қилади. Тўплар нисбатидаги фарқ сабабли "Насаф"дан орқада қолаётган "Пахтакор" Тошкентда мавсумдаги энг муҳим ўйинда бор кучи билан олдинга интилиш аниқ. Майдон эгалари "Насаф" билан ўйинда биринчи рақамли бўлиб ўйнашга илк дақиқаларда ҳужумга ташланишга мажбур. Тўғри, агар дуранг қайд этилса, қолган ўйинларда 6 тўп фарқини йўққа чиқариш мумкин, бироқ "Насаф" ҳам сермаҳсуллик кўрсатиб, бирорта ўйинда "қоқилмаса" "Пахтакор" чемпион билан бир хил очко жамғариб кумуш медаллар билан қолиб кетиши мумкин. Соддароқ қилиб айтганда, "Навбаҳор"нинг Тошкентда очко йўқотиши "Насаф"ни "Пахтакор" билан бемалолроқ тўп суриши учун имкон яратади.
Рақамлар нима демоқда?
"Насаф"нинг "Пахтакор" билан Тошкентдаги ўйинлар статистикаси "аждарлар" мухлисларини хурсанд қилмаслиги аниқ. 25 ўйин, 21 мағлубият ва 3 дуранг. Ягона ғалаба эса, аср бошида 2001-йилда қўлга киритилган. Ўша учрашувда Зафар Холмуродов ва Баҳром Ҳайдаровлар киритган голларга "Пахтакор" аъзолари бирорта ҳам жавоб қайтара олмаган эди. Ўзаро ўйинлардаги энг яхши тўпурарларнинг деярли барчаси "Пахтакор" аъзолари саналади.
7 - Драган Черан
6 - Игорь Сергеев
5 - Анвар Солиев, Исмаэль Гонсалвеш
Бир неча соатлардан сўнг, "Пахтакор Марказий" стадионида бўлиб ўтадиган баҳс, суперлигамизнинг ғолиби номини 60-70 фоиз аниқлаб бериши мумкин. Шундай экан, соат 18:30 да бўлиб ўтадиган "тўқнашув"ни ўтказиб юборманг.
Фикрлар