Ads

Идгай Тазетдинов 1933 йил Тошкентда туғилган. "Пахтакор"нинг кекса ишқибозлари ажойиб диспетчер Идгай Тазетдиновни унутмаганлар. Ҳар бир ўйинда у майдонни яхши кўриши, охиригача жонини бериши билан кўпчиликка ёқарди.


У футбол ўйнашни Тошкентда "Медик" болалар жамоасида бошлаган. Кейин "Труд" жамоасига кўчиб ўтган. 1953 йил Идгай Борисовични "Спартак"ка таклиф этишди. 1956 йил "Пахтакор" жамоаси ташкил қилинганда Тазетдинов бошқа бир қатор футболчилар қаторида янги жамоа сафини тўлдирди.

1962 йил у жамоа билан олий лигада 6-ўринни эгаллаб, спорт устаси унвонига лойиқ кўрилган.

"Пахтакор" таркибида ярим ҳимоячи чемпионат баҳсларида 202 учрашувда 33 тўп киритган. Кубок беллашувларида 13 ўйинда 1 гол муаллифига айланган. 13 халқаро учрашувда жамоа шарафини ҳимоя қилган.

1977 йил "Пахтакор"га иккинчи мураббий сифатида таклиф этилган. Бевосита унинг олиб борган селекцияси ёрдамида жамоа олий лигага йўлланмани қўлга киритди. Тазетдинов "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий" унвони билан тақдирланди. Мураббийлик фаолиятида "Политотдел" ва "Янгиер" каби жамоаларда ҳам ўзини кўрсатган.

1979 йил "Пахтакор" УЕФА Кубогида иштирок этишга имкон берадиган ўринлардан бирига даъвогарлик қилаётганди, аммо Минскка учиш чоғида машъум ҳалокат рўй беради. Ўлимидан кейин "Шуҳрат" медалига лойиқ кўрилган.

Ашаддий ишқибозлар, дўстлари, фахрий ҳамкасблари Идгай Тазетдиновни ажойиб футболчилик ва мураббийлик фаолияти орқали доимо ёдга олишади.