"Пахтакор-79"ни хотирлаб: Владимир Чумаков
Владимир Чумаков 1932 йил таваллуд топган. У "Пахтакор"да 11 йил фаолият олиб борганди. Ўз вақтида Чумаков найза улоқтириш бўйича беш карра Ўзбекистон чемпионига айланган ва енгил атлетика бўйича СССР спорт устаси унвонига сазовор бўлган. Унинг рекорди 15 йил мобайнида янгиланмай турган.
Тошкент тиббиёт институти ва Ўзбекистон жисмоний маданият ва спорт институтини тамомлаган Владимир бўш вақтида илмий изланишлар билан машғул бўларди. "Пахтакор" билан сафарга йўл олишидан бир кун аввал жисмоний маданият ва спорт ишлари бўйича давлат қўмитасига икки услубий ишланмани тақдим этади. Кейинчалик унинг вафотидан сўнг 1980 йилда "Футболчиларда спорт жароҳати" ва "Ўқувчиларда спорт жароҳати ва унинг муолажаси" номли китоблари нашр этилди. Унинг изланишларида жароҳатга олиб келадиган сабаблар, уларни енгиб ўтиш ҳақида батафсил тўхталинган. Майдонда ва ҳаётда футболчиларга тинимсиз ёрдам берган, сутканинг ҳар қайси қисмида ўз ишини бажарган шифокор шу тариқа ўлимидан олдин ҳам илм-фан ривожига ўз ҳиссасини қўшишга улгурганди.
Спортчилик фаолиятидан кейин икки йил Фарғонанинг "Нефтчи" жамоасида ишлагач, Чумаков ўзи хоҳлагандек "Пахтакор" шифокори сифатида ишлашга таклиф қилинади. Жамоада у барча футболчи ва мураббийларнинг халоскорига айланиб бўлганди. Афсуски, машъум ҳалокат ажойиб шифокор ва илм-фан ривожи учун хизмат қилаётган инсоннинг умрига нуқта қўйди.
Владимир Чумаков ўлимидан кейин "Шуҳрат" медалига лойиқ кўрилган.
Фикрлар