"Мухлисларни стадионга келиб ёки ижтимоий тармоқларда қўллаб-қувватлашини истаймиз, бунга мухтожмиз" - Рўзиқул Бердиев "Ал-Ҳилол"га қарши тайёргарликни бошлади
Суперлиганинг 23-турини бошлаб берган “Насаф” - “Хоразм” баҳсида майдон эгалари 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, пешқадамлигини давом эттирмоқда. Учрашувдан сўнг “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Ўйин ҳақида кўп гапирмоқчи эмасман. Очко йиғишда давом этяпмиз, биз учун муҳими шу. Ўйинлар эсдан чиқади. Учрашув борасида қисман айтиб ўтишим мумкинки, “Хоразм” жамоаси кучи бор бўлган пайтгача бизга яхши қаршилик кўрсатиб, вазиятлар яратиб турди. Иккинчи бўлимда “Хоразм”да толиқиш бўлди, бизда кўпроқ имкониятлар яратилди. Бундан қаердадир фойдаландик, қаердадир унумли фойдалана олмадик ва шундай қилиб уч очкони қўлга киритдик. Ғалабадан хурсандмиз. Барча мухлисларни ушбу ғалаба билан табриклаймиз.
- Легионерларни захираuа олдингиз. Муҳим ўйин олдидан уларни асрадингизми?
- Иккаласини захирага олганимни сабаби, учрашувда уларни ёрдами кам бўлди. Ҳужумга эътибор қаратишимиз ва фаолроқ бўлишимиз керак эди. Ғалабани илиб кетишимиз лозим эди. Иккала легионер ўйинда пассив бўлгани боис захирага олдик.
- Умар Эшмуродовни учрашув охирларида майдонга туширилиши нима билан боғлиқ эди?
- Эшмуродов барча ўйинларда тўлиқ ҳаракат қиляпти. Бу учрашувда унга дам беришга қарор қилгандик. Лекин охирида уни майдонга туширишга мажбур бўлдик.
- Янги келган легионерлар жамоага унчалик қўшилиб кета олмаётгандек...
- “Насаф” осон жамоа эмас, катта жамоа. Олдин ҳам айтдик, биз кўзлаган легионерларни ололмаганимиздан кейин буларни олишга мажбур бўлдик. Иккитасида жароҳат бор.
- “Ал-Ҳилол” билан ўйинга тайёргарлик қандай ва рақибни қай тариқа ўрганяпсиз?
- Аввало, барчани ушбу учрашувга таклиф қилиб қоламиз. Кучли рақибга қарши ўйнаймиз. Юлдузлар келади. Маҳоратли футболчиларга эга. Натижа қанақа бўлишини билмайману, лекин йигитларни ўша учрашувга чиқиб курашишга тайёрлаймиз. Руҳий ва жисмоний томондан ҳам. Биринчи навбатда футболчиларни ушбу баҳсга ҳолатини яхшилаш учун жисмоний жиҳатдан тиклаб олишимиз керак. Ўйлайманки, биз ўша куни 12 та бўлиб ҳаракат қиламиз. Буни жуда ҳам хоҳлаймиз. Мухлисларни стадионга келиб ёки ижтимоий тармоқларда жамоамизни қўллаб-қувватлашини истаймиз. Бунга мухтожмиз. Руҳий тарафдан ҳам мотивация беришлари мумкин. Стадионга келиб қўллаганида катта мадад бўлиши мумкин. Шу боис биз биргалашиб кучли рақибга қарши курашамиз.
- Жамоангизни имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Бунга ҳали эрта, энди бошланди. Тўғриси, чемпионатга кўпроқ эътибор қаратганмизу, аммо ОЧЛда ҳам ўз мақсадимиз бор.
- Драган Черан охирги пайтларда оғир кўриняпти. Бу ёш билан боғлиқми ёки...
- Черан ҳам барча ўйинларда ҳаракат қиляпти, ўтган сафарги “Қизилқум”га қарши оғир баҳсда ҳам ўйнади ва қаердадир жисмоний ҳолати тўлиқ бўлмаслиги мумкин. Шунга қарамасдан вазият яратишда, ҳужумларни бошлашда фаол бўляпти. Олдин ҳам айтганмиз, уни шу нарсалар учун таклиф қилганмиз. Менимча, биринчи голда ҳам Шарофга яхши узатма оширди. Бошқа вазиятларда ҳам яхши қатнашди. Жамоага фойдаси тегяпти.



Фикрлар