"Пахтакор" АГМКга қарши ўйинда 2 очко йўқотдими ёки 1 очко олдими?
"Пахтакор" бош мураббийи Шота Арвеладзе кеча АГМК (2:2) билан бўлган учрашувдан сўнг ўз фикрларини билдириб ўтди:
- Чемпионатнинг икки етакчи жамоаси тўқнаш келди. Қийин ўйин бўлди ва шундай бўлиши ҳам кутилганди. Вазиятларни ёдга оладиган бўлсак, бизда яхши вазиятлар юзага келди. Масалан, биринчи бўлимда бир неча имкониятдан фойдалана олмадик. Гол ўтказгач, кучимизни сал йўқотгандек бўлдик. Бу яхши ҳолат эмас. Биринчи бўлимдаги вазиятларда фақат гол уриш керак эди, холос. Рақиб қарши ҳужумда яхши ўйнади. Умуман олганда, бугун умумий қараганда икки очко йўқотдик, 0:2 дан сўнг қарасак, бир очко ишладик.
"Пахтакор"да кўп вазиятлар бўлди, лекин буни омад етишмагани билан боғламаган бўлардим. АГМК ҳимоячилари яхши ўйнади, дарвозабон ҳам жуда яхши ўйнади ва кўп вазиятларда жамоасини қутқариб қолди. Ўзимиз ноаниқ зарбалар йўлладик.
"Пахтакор"ни сентябрда Чемпионлар Лигаси кутиб турибди. Ҳали буни ўйламаймиз, аввал ўша вақтга етиб олайлик. Орада июль ва август ойлари турибди. Футболда энг муҳими - кейинги ўйин.
Машариповнинг ўйини охирги йилларда ўзгарди. Ўтган йили 115 гол урдик, уларнинг деярли ярмида Жалол узатмаларни амалга оширган. Бугун унинг энг яхши ўйини бўлмади, ўзи ҳам ҳаракатларидан доим хулоса чиқариб боради. У футболчи сифатида анча улғайди. Бу йил ҳам деярли ҳар баҳсда гол уришимизга ёрдам бермоқда. Машарипов биз учун ҳам, ўзбек футболи учун ҳам катта ишлар қиляпти.
Фикрлар