"Пахтакор" бош мураббийи "Шаржа"га қарши жавоб баҳси олдидан матбуот анжуманида иштирок этди
23 апрель куни "Пахтакор" ОЧЛ гуруҳ босқичидан ўрин олган баҳсда "Шаржа" билан куч синашади. Бугун беллашувдан аввалги матбуот анжумани ўтказилди ва унда "шерлар" устози Питер Хюистра иштирок этди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
- Биринчи даврада етарлича очко жамғара олмадик. Шу сабабли эртага бизни жуда муҳим баҳс кутмоқда. Аввалги баҳсдаги хатоларни ўргандик, таҳлил қилдик. Жамоам ўйинни жуда ёмон ўтказди деб ўйламайман, аммо ҳимоявий ҳаракатларда кўнгилдагидек ўйнай олмадик. Ҳимоя фақат ҳимоячиларнинг ҳаракатидан иборат эмас, унда бутун жамоа иштирок этади. Жамоавий ҳаракат бўлиши керак. Қолаверса, тўпни назорат қилиш орқали кўпроқ имконият яратишимиз лозим. Бу борада уйғунликни юзага келтириш даркор. Чемпионлар Лигасида буни уддалашга уриниб кўрамиз. Биринчи беллашувда 70 фоиз ҳолатда тўпни назорат қилдик, аммо бу самара бермади. Энди вазиятларни кўпроқ содир этишга интиламиз.
"Шаржа" яхши савиядаги жамоа. Эртага Коронадо майдонга тушган тақдирда улар янада хавфли бўладими? Биз ўз ўйинимизни, юқори савиямизни кўрсата олсак, жуда яхши жамоамиз. Айнан шуни уддалашга ҳаракат қиламиз. Дастлабки икки учрашувда ғалабага ҳақли эдик, аммо омадимиз келмади. "Шаржа" билан биринчи баҳсда эса хатоларга йўл қўйдик. Буларни тузатишга уринамиз. Босим бор ҳолатда барча ишлар яхши бўлиши керак, - деди мураббий.
Фикрлар