"Пахтакор" бошқариб кетаётган "карвон"да нимани кўрдингиз?
Суперлигада 5-тур тугаб, 6-турга тайёргарлик давом эттириляпти. Агар эътибор берган бўлсангиз, аксарият мураббийлар мавсум олдидан фикр билдирганларида, жамоаларнинг асл кучига 5-турдан кейин баҳо бериш мумкинлиги ҳақида айтишди. Бундай гапларда жон бор. Дастлабки беш турдан кейин турнир жадвали клубларнинг ҳозиргача бўлган ҳолатини бамисоли ойна каби акс эттириб турибди.
Хўш, чемпионат олдидан билдирилаётган фикрлар ва тахминларнинг қанчаси ҳозирга келиб ўзини оқламоқда. Тўғри, бир қатор саргузаштларга бой воқеалар кузатилмоқда. Бу ҳақида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўп айтилди, ёритилди. Биз асосан клубларнинг кучи ва имкониятлари ҳақида гаплашамиз.
Турнир жадвалига қарасангиз, албатта айрим кутилмаган клубларнинг кутилмаган ўринларда эканлигини кўриш мумкин. Бу билан уларнинг кучини асло паст, деб ҳисоблаётганимиз йўқ. Шунчаки, чемпионатда интрига қанча юқори бўлса, бу ҳар томонлама фойда келтиришини барча билиб турибди. Шунинг учун юқори ўринларда кўриб, ўрганиб қолганимиз – бир хил клублар эмас, балки янги номлар кўтарилишини ҳам истаймиз. Лекин ҳар ким ўз кучи ва имкониятига қараб курашишини ҳам унутмаслик лозим.
Ҳозирча “Пахтакор” карвонбошиликни давом эттиряпти. Ёдингиздами, бош мураббий Шота Арвеладзедан ташқари, жамоа етакчилари - Жалолиддин Машарипов, Достон Ҳамдамов, Одил Ҳамробеков, Игорь Сергеев, Жавоҳир Сиддиқов, Садриддин Абдуллаев, Владимир Козак, Акром Комилов клубни тарк этганида, “Пахтакор”нинг кучига шубҳа билан қараш бошланганди. Лекин Питер Хюистра бошчилигидаги “шерлар” чемпионлик унвонини муносиб ҳимоя қилиб келяпти. Натижада ўйланган тахминларни йўққа чиқариб туришибди. Янги таклиф қилинган Сардор Рашидов, Иброҳимхалил Йўлдошев, Азиз Турғунбоев сингари футболчиларнинг фаоллигини ҳам айтиб ўтиш керак. Аслида “Пахтакор” Суперлиганинг илк турида “Насаф”га қарши ўйинни 0:2 ҳисобидаги мағлубият билан бошлаганини яхши эслаймиз. Бироқ ўша учрашувда “Пахтакор” ажойиб камбэкни қайд этган ҳолда ҳисобни 3:2 га айлантирганди. Шундан бери, “шерлар” ғалабали сериясини давом эттириб келяпти. Барибир, бу клубда ҳужумкорлик яхши даражада сақланиб турибди. 5 та ўйинда 13 та гол!
Бешта турдан кейин “Сўғдиёна”нинг мағлубиятсиз равишда иккинчи ўринда боришини ўйлаганмидингиз? Афтидан, Улуғбек Бақоев бу йил яхшигина сюрприз тайёрлаб қўйганга ўхшайди. Ўтказилган ўйинларда унинг жамоаси яхши таассурот қолдиряпти. Учта ғалаба ва иккита дуранг қайд этиб, 11 очко билан “Пахтакор”нинг ортидан боряпти. Тўғри, иккинчи турда “Турон”га қарши учрашувда ҳакамнинг нотўғри белгилаган пенальтиси туфайли жиззахликлар ягона гол эвазига ғалаба қозонган. Лекин ўша ҳолат мезбонларнинг эмас, балки ҳакамнинг хатоси бўлиб, кейинчалик Виктор Серазетдинов номуайян муддатга футболдан четлатилди. Натижа эса, ўз кучида қолди. Лекин адолат нуқтаи назаридан айтганда, бу жамоа ҳужумкор ўйин кўрсатиб, рақибларига ўта жиддий қаршилик кўрсатяпти. “Сўғдиёна” ҳужумчиси Шоҳруз Норхонов эса бешта ўйинда бешта гол уриб яққол тўпурар бўлиб турибди. Лекин бир савол бор-да: “Сўғдиёна” мана шу барқарорлигини қанчагача давом эттира олади? Тўғриси, мавсум охиригача шундай темпни сақлаб қолишига ишонмаётганлар анча. Буни вақт кўрсатади. Ҳозирча Жиззах клуби мағлубиятсиз одимлаяпти. У ёғини биргаликда кузатамиз.
Шунингдек, Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги “Қўқон-1912” ҳам ҳали мағлубият нималигини билмай келяпти. Ҳозиргача уларнинг ҳисобида иккита ғалаба билан учта дуранг бор. Айниқса, ўтган турда Муборакдаги ўйин анча шов-шувларга сабаб бўлди. Аниқроғи, “Қўқон-1912” ҳужумчиси Мўмин Мелиевнинг голи Бахтиёр Ашурматов айтганидек, мўъжизага қиёсланди. Аҳамиятли томони шуки, Суперлига клублари орасида ўз дарвозасидан энг оз голни қўқонликлар ўтказган. Биринчи турда “Турон”, учинчи турда “Сурхон” футболчиси “Қўқон-1912” дарвозасини ишғол қилди. Яъни, тўплар нисбати 5-2. Ҳатто “Пахтакор” ҳам 5 та ўйинда 4 та гол ўтказди. Демак, Ашурматов футболчилик пайтида ҳимояда ўйнагани учун бўлса керак, бу сафар ҳимоячиларини янада яхшироқ тайёрлагани кўриниб турибди. Клуб ўз меҳнатига яраша кучли учликда турибди.
Улардан кейинги поғоналарда “Насаф”, “Бунёдкор”, АГМК каби жамоалар боряпти. Рўзиқул Бердиев жамоаси кетма-кет учта ўйинда ғалаба қозона олмади. Аммо охирги иккита учрашувда ўзига келди ва рақибларини мағлуб эта бошлади. АГМКнинг 5-тур доирасида “Турон”га қарши ўйини қолдирилди. Бунга Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф ўйини сабаб бўлди ва якунда олмалиқликлар гуруҳ босқичига йўл олишди. Балки “Турон” билан қайд этилган натижадан кейин ҳозир АГМКнинг ўрни бошқачароқ бўлиши ҳам мумкин эди. Хуллас, юқоридаги учта клуб билан бирга “Қизилқум”да ҳам фақат биттадан мағлубият бор.
Ўз олдига чемпионликни асосий вазифа қилиб қўйган “Навбаҳор”ни турнир жадвалида 10-ўриндан топасиз. Биттадан ғалаба ва дуранг қайд этиб, учта баҳсда ютқазди. Бунинг устига илк турдан кейин бош мураббий Нўъмон Ҳасанов истеъфога чиқарилиб, ўрнига Виктор Жалилов тайинланганидан яхши хабардорсиз. Ўтган турда Наманганда “Пахтакор” билан ўйинда юз берган воқеалар ҳақида яна тўхталиб ўтмоқчи эмасмиз. Барибир якунда натижа эсда қолади. Ўша учрашувда эса наманганликлар ўз майдонида “Пахтакор”га имкониятни бой берди. Балки бешта турдан кейин “Навбаҳор”нинг кучига баҳо беришга бироз эртадир, лекин жамоанинг ҳозирги ҳолати унинг ишқибозларини умуман қониқтирмаётгани шубҳасиз.
Суперлигада биргина ғалабасиз қолган клуб – бу дебютант “Турон” жамоаси. Боя айтганимиздек, унинг АГМК билан учрашуви қолдирилган. Шу боис фақат тўртта ўйини хусусида фикр билдириш мумкин. Битта дуранг ва учта мағлубият. Ўзи яқинда ташкил этилган клубнинг бирданига кўтарилишга эришиб, Суперлигага чиққани яхшигина воқелик сифатида қабул қилинганди. Таркиби ҳам номдор ўйинчилар ҳисобига кучайтирилди. Лекин бирданига натижа кутиш у қадар тўғри эмас. Аввало мустаҳкам пойдевор бўлиши жуда муҳим. Гарчи жамоада легионерлар ва тажрибали ўйинчилар бисёр бўлса-да, жамоа ўйинин “қуриш” тезда юз бериб қолмайди. Буни “Турон” мисолида яна бир бор кўриб турибмиз. Ҳа, дебютантнинг иштиёқи баланд ва тезроқ ўзини кўрсатиш илинжида юрибди, аммо сабр қилишига тўғри келади. Дарвоқе, 4 та учрашувда 9 та гол ўтказиб юборган “Турон” бу борада ҳам яққол “етакчи” бўлиб турибди.
Дарвоқе, ўз олдига чемпионлик вазифасини қўйган “Локомотив” португалиялик мураббий бошчилигида 5-турга келиб илк ғалабасини қўлга киритганига нима дейсиз? Умуман олганда, аксарият клублар ҳозирча ўзидан бирор-бир ажабланарли таассурот қолдиришгани йўқ. Мақоламиз аввалида тўхталганимиздек, карвонни “Пахтакор” бошқариб кетяпти ва карвоннинг охирида “Турон” якунлаб турибди. Дастлабки бешта турдан сўнг, ажабланарли нимадир кўрдингизми, азиз мухлис?!
Фикрлар