"Пахтакор" Дердийокдан қутулмоқчи...
“Пахтакор”да ким қанча даромад топиши энди барчага маълум. Бу маълумотнинг кенг оммага эълон қилиниши албатта ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Айниқса, клубнинг швейцариялик ҳужумчиси Эрен Дердийокнинг йиллик маоши 1,3 миллион еврони ташкил қилишига деярли барча ўз муносабатини билдиряпти.
Ўтган йили “Пахтакор”га қўшилган бу ҳужумчи ҳали ўз сўзини айта олмаган. Ишончни оқлай олмаётган легионернинг клубдан катта пул олаётгани турли гап-сўзларга сабаб бўлаётгани рост.
Яқинда “Пахтакор” клуби спорт директори Жаъфар Ирисметов sports.uzга берган интервьюсида Дердийокнинг трансфери ўзини оқламагани ҳақида очиқ гапирганди. Куни кеча “Пахтакор” футболчиларининг маошлари ҳақидаги маълумот эълон қилингач, Эрен Дердийокнинг жамоадаги кейинги тақдири борасида саволлар туғила бошлади.
Маълумотларга қараганда, “Пахтакор” швейцариялик ҳужумчи билан хайрлашмоқчи. Вазиятга ойдинлик киритиш учун Жаъфар Ирисметовга юзланганимизда у шундай деди: “Дердийок билан ҳали шартнома бекор қилинмади, аммо бу борада музокаралар олиб бориляпти. Унинг келажаги ҳали сўроқ остида”.
Бундан чиқди, кам гол ураётган Дердийок “Пахтакор”да ўз манзилига етиб келаётганга ўхшайди. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Фикрлар