
"Пахтакор" эртага Россиянинг амалдаги чемпиони билан ўйнайди. Ўйин олдидан фактлар
"Пахтакор" БААдаги йиғин доирасида биринчи назорат ўйинини эртага "Зенит"га қарши ўтказади.
Ушбу жамоалар расмий беллашувда охирги марта 1990 йил майдонга тушган. Тошкентда СССР чемпионати баҳсида "шерлар" 2:1 ҳисобида зафар қучган. Ўшанда Игорь Шквирин ва Хорен Оганесян "Пахтакор"дан, Дмитрий Радченко рақиб томонидан тўп киритган.
Чемпионатлар доирасида жами 46 ўйин ўтказилган. Питерликлар 19, "шерлар" эса 18 ғалабага эришган. 9 учрашув дуранг билан тугаган. Питер клуби дарвозасига 65 тўп киритган "Пахтакор" ўз дарвозасидан 67 гол олиб чиққан. Ушбу рақиб устидан 1968, 1973 ва 1982 йиллари "шерлар" 5:0 ҳисобида устун келган.
Бу жамоалар тарихини ўзаро боғлаб турувчи футболчи Юрий Загуменних саналади. У 1970-75 йилларда "Зенит", 1976 йилдан бошлаб, "Пахтакор" шарафини ҳимоя қилган. 1979 йил авиаҳалокатда ҳаётдан кўз юмган. Питерликлар тарихидаги энг кучли 50 футболчи рўйхатига киритилган.
"Зенит" ва "Пахтакор" ўртасидаги ўртоқлик ўйини 24 январь, якшанба куни Тошкент вақти билан 12:00да Дубайдаги "Над Ал Шеба" мажмуаси майдонида бошланади.
Фикрлар