"Пахтакор" асосий жамоасининг 5 нафар футболчисида коронавирусга топширилган тестлари ижобий натижа берди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

"Юртимизда коронавирус пандемиясига чалинган инсонлар аниқланиши билан "Пахтакор" футбол клубида доимий равишда футболчилар ва клуб ходимлари мунтазам тарзда тест топшириб келишди. Ўзини нохуш ҳис қилган 5 нафар футболчида коронавирус учун топширилган тестлари ижобий натижа бергач,  футболчилар ва ходимлар яна такроран тест топширди. АГМК билан ўтказилган Суперлига 9-тур баҳсидан кейин баъзи футболчилар соғлиғида муаммолар пайдо бўлди, шундан кейин машғулотлар вақтинча тўхтатиб турилди.

Айни пайтда коронавирус аниқланган 5 нафар футболчи изоляцияга олинди ва уларни даволаш жараёни бошлаб юборилди. Футболчилар доимий тиббий назорат остида бўлиб турибди ва барча зарур воситалар билан таъминланмоқда", - деб ёзилади клуб баёнотида.

Бундан аввалроқ, "Бунёдкор" ва "Сурхон" футболчиларида ҳам Covid-19 аниқланган эди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)