"Пахтакор" футболчиси таклифларни агенти билан кўриб чиқади. Унгача эса...
“Пахтакор” клуби эртага Ўзбекистон кубоги ярим финалида “Бунёдкор”га қарши майдонга тушади. Чемпионликни расмийлаштириб қўйган “шерлар”нинг галдаги вазифаси аниқ: кубокни ўзиники қилиш. Аммо бунинг учун ўзи ҳам кубокни хоҳлаётган “Бунёдкор” тўсиғидан ўтиши лозим.
“Пахтакор” чемпионатнинг 25-турида “Локомотив”ни 3:0 ҳисобида таслим қилганидан кейин Хюистра жамоаси юқори кайфиятда кубок ярим финалига тайёрланяпти. “Локо”га қарши баҳсда Хожимат Эркинов учта гол уриб, ўйин қаҳрамонига айланганини биласиз. Аввало ,иқтидорли ўйинчи ўша учрашувни эслаб ўтди.
“Ўйин қийин кечди. Чунки бу Тошкент дербиси эди. Нафақат Тошкентнинг, балки Ўзбекистоннинг кучли жамоалари майдонда тўқнаш келди. Гарчи учрашув оғир ўтган бўлса-да, ўз ишимизга профессионал даражада ёндашиб, бор эътиборимизни ўйинга қаратдик ва ғалаба қозондик”.
Тўғрисини айтиш керак, ўша учрашувда Эркиновнинг хет-трикка эришишини ҳеч ким кутмаганди, ҳатто унинг ўзи ҳам. Лекин Хожимат бир ўйинда учта гол ура олишини ҳаммага кўрсатиб қўйди. Бу хусусида унинг муносабати қуйидагича бўлди:
“Ҳа, бу фаолиятимдаги биринчи хет-трик бўлди. Албатта, гол уриб жамоамга ёрдам беришни хоҳладим. Аммо “Локомотив” жамоасининг дарвозасига учта гол ураман, деб ўйламагандим. Лекин гол уришни жуда истагандим. Мана, учта гол уриш насиб қилган экан...”
Хожимат Эркиновнинг келажаги порлоқ бўлишига ишонаётганлар кўп. Негаки, футболчида ҳам катта иштиёқ борлиги кўриняпти. “Пахтакор”да эса ўз ўрнига эга. Шу боис бундай иқтидор эгасига келиб тушаётган таклифлар бисёр бўлиши ҳам табиий ҳол. Қолаверса, футболчи келаси йилни қаерда ўтказади? “Пахтакор”да қолмоқчими ёки кетмоқчими? Бу ҳам қизиқ. Эркиновдан шу хусусида сўраганимизда шундай деди:
- Кейинги йил борасида ҳали ўйлаётганим йўқ. Таклифлар бўйича ҳам агентим билан маслаҳатлашиб иш кўрамиз. Ҳозирги эътиборим кубок ўйинига қаратилган. Аввал кубокни қўлга киритиб олайлик, ундан кейин янги мавсум ҳақида ўйлаймиз. Ҳозир эса бу йилги қолган ўйинлар тўғрисида бош қотиряпмиз.
Хожимат тўғри гапирди. “Пахтакор”ни олдинда муҳим ўйин кутяпти ва у бор эътиборини бўлажак учрашувга қаратган. Шунга қарамай, бу ўйинчига қизиқишлар етарлича. Энди ҳаммаси маълум, яъни футболчи айни чоғда кейинги тақдири ҳақида ўйлаётгани йўқ. У “Пахтакор”нинг кубокни ютишига ҳиссасини қўшмоқчи. “Локомотив”га қарши учрашувда кўрсатган қаҳрамонлиги туфайли Хожимат кубок ярим финалида ҳам яна ўзини кўрсатиш ниятида.
- Албатта, “Локомотив”га қарши ўйиндаги натижа ҳам яхши маънода таъсир қилади. Чунки жамоанинг кайфияти кўтарилади. Ғалабадан кейинги машғулотлар ҳам кўтаринки кайфиятда ўтади. Кубок ярим финалига яхши тайёргарлик кўряпмиз. Биз ўша куни бор кучимизни берамиз ва финалга чиқишни ният қиляпмиз, - деди Эркинов.
Дарвоқе, жароҳатидан фориғ бўлганидан кейин уни яна миллий терма жамоага чақиришяпти. Ўтган сафарги йиғин ва ўртоқлик учрашувида ҳам бевосита иштирок этди. Бош мураббий Сречко Катанец “Пахтакор”нинг ушбу вакилига ҳам ишонч кўзи билан қараяпти.
- Катанецнинг менга ишонч билдираётганидан хурсандман. Мен бундан фойдаланиб, ишончини оқлашга ҳаракат қиламан. Ўрганиш яхши кечяпти. Ҳаммасига вақт керак. Мураббийнинг тактикасини ва бошқа жиҳатларини аста-секин тушуниб боряпмиз. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади.
Фикрлар