1998 йил Осиё чемпионлар кубогида (ҳозирги Осиё Чемпионлар лигаси) иштирок этган "Пахтакор" ўша мавсум Осиё клублар турнирларидаги энг ажойиб "камбэк"лардан бирини уддалаган.

Биринчи босқичда Тожикистоннинг "Хўжанд" жамоасини икки ўйинда 5:2 ҳисобида доғда қолдирган "шерлар" нимчорак финалда Туркманистоннинг "Ниса" клуби билан тўқнаш келади. Мавсумни муваффақиятли ўтказаётган тошкентликлар Ашхободдаги биринчи ўйинда кутилмаганда 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди. Икки ҳафтадан кейин Тошкентда ўтадиган жавоб баҳсида Вега да Сильва шогирдларини мураккаб вазифа кутиб турарди. Қолаверса, "Ниса" Қурбон Бердиев бошчилигида яхши ўйин намойиш этаётганди.

23 октябрь куни "Пахтакор" стадиони мухлислар билан лиқ тўлди. Ўйинни кўриш учун 50 минг мухлис ташриф буюрган. Беллашув бошланиши биланоқ ҳужумга ўтган "Пахтакор" илк дақиқадаёқ пенальти ишлайди ва рақиб посбони сўнгги умид фоли учун майдондан четлатилади. Пенальтини Миржалол Қосимов аниқ амалга оширади. Рақибнинг камчилик бўлиб қолганидан фойдаланган жамоамиз тинимсиз ҳужум уюштиришга тушади. Биринчи бўлимнинг ўзида умумий фарқ минимал кўринишга келтирилади. Александр Хвостунов, Миржалол Қосимов ва Игорь Шквирин киритган тўплар натижасида ҳисоб 45-дақиқада 4:0га етади. Иккинчи бўлимда яна икки гол уриб, дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолиш талаб этиларди.
67-дақиқада Андрей Стрельцов ўрнига ўйинга қўшилган Дилмурод Назаров бешинчи голга муаллифлик қилади. Ҳал қилувчи гол эса фаолияти мобайнида 300дан ортиқ тўп муаллифи бўлган Игорь Шквирин ҳисобига ёзилади. Шу тариқа "Пахтакор" уддалаш жуда ҳам қийин бўлган вазифанинг уддасидан чиқади. Бу Осиё клублар мусобақаларида амалга оширилган энг буюк "камбэк"лардан бири саналади.

"ПАХТАКОР" — "НИСА" Туркманистон — 6:0 (4:0)
1998 йил, 23 октябрь. "Пахтакор" стадиони. 50000 томошабин.
"Пахтакор": Рошин, Ашурматов, Шоймардонов, Қосимов, Қамбаралиев, Стрельцов (Д.Назаров, 55), Хвостунов, Ширшов (Алиев, 61), Ходиев (Абдураимов, 25), Шквирин, Акопянц.
Голлар: Қосимов, 3-пен - 1:0. Хвостунов, 18 - 2:0. Қосимов, 30 - 3:0. Шквирин, 45 - 4:0. Д.Назаров, 67 - 5:0. Шквирин, 75 - 6:0.
Четлатиш: Бердиев, 1 ("Ниса").
Ҳакам: Коилпарамбил (Ҳиндистон).

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Davron Jenjayev
16/05/2020 10:07
xakamni sotib olgandurda