"Пахтакор" ва "Насаф" ўртасидаги суперкубок ўйини 14 март куни ўтказилмайди!
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2022 йилги мавсумни Ўзбекистон Суперкубоги учрашуви билан очиб берганди. Ўтган мавсум унинг доирасида “Пахтакор” ва “Насаф” клублари Яйпанда тўқнаш келганди.
Жорий мавсум ҳам суперкубок учрашуви билан бошланиши режалаштирилганди. Бироқ қатор сабаблар туфайли бунинг иложиси бўлмади. Биринчи галда ОФК “Насаф” иштирок этиши керак бўлган Чемпионлар лигаси доирасидаги учрашувни 3 февраль санасидан 19 февраль санасига кўчирди.
Лига Қарши клубининг муваффақиятига умид қилгани ҳолда Суперкубок учрашувини февралда ўтказиш режасини ўзгартиришга мажбур бўлди ҳамда уни 14 март санасига қадар сурди. Режага кўра, “Насаф” ва “Пахтакор” шу куни суперкубок доирасида саф тортиши ва 18 март куни Coca-Cola Суперлиганинг 3-турида майдонга чиқиши керак эди.
Бироқ ассоциация миллий терма ФИФА куни бошланмай туриб йиғилиши ҳамда унга кўпроқ футболчи бераётган клублар иштирокидаги ўйинларни 17 март санасига қўйишни сўради. Бу эса табиийки Тошкент ва Қарши жамоаларига мураккаблик туғдиради.
Шундан келиб чиқиб, Суперкубок ўйини 14 март куни ўтказилмайди. Ўзбекистон кубогининг гуруҳ босқичига қуръа ташлангач, Суперкубокнинг кейинги аниқ санаси алоҳида эълон қилинади. Ўзбекистон кубогининг қуръаси, шунингдек, Суперлига ва Про-лиганинг апрель ва ундан кейинги ой учун режаларига ойдинлик киритиш учун ҳам ёрдам беради.
Манба: ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар