"Пахтакор"дан кетишни истамаган, аммо Қосимовнинг қўнғироғи фикрини ўзгартирган Жасур Яхшибоев

Ўзбекистонда иқтидорли, келажаги порлоқ бўлган ёшларимиз, умидли футболчиларимиз жуда кўп. Жасур Яхшибоев ҳам ана шундай таъриф берилган ўйинчиларимиздан бири ҳисобланади. Ўзбекистон U-23 терма жамоаси билан Осиё чемпиони бўлишда ҳам ушбу ўйинчининг ўзини кўрсата олганини барчамиз яхши биламиз. «Пахтакор» клубида эса ўзининг иқтидори билан етакларидан бирига айланиши ҳам кутилаётганди. Бироқ вақт ўтган сари бундай тахминлар ва истаклар тобора аксинча кўриниш олишни бошлади. Футболчининг иқтидорига шубҳа бўлиши мумкин эмас. Лекин негадир «Пахтакор»да Яхшибоев кўпинча захирада қолиб кетаверди. Чемпионатимизда биринчи давра тугаганидан кейин трансфер ойнаси очилган пайтда ҳам унинг клубдан кетиши ҳақида гап-сўз йўқ эди. Бироқ трансфер ойнаси ёпиладиган кун 5 август, кеч соат 23.55 га яқин Яхшибоевнинг «Пахтакор»дан АГМК жамоасига ўтиш масаласи ҳал бўлди. Бу албатта кутилмаган янгилик бўлди. Натижада футболчи ОКМК таркибида Наманганда «Навбаҳор»га қарши кечган дебют баҳсида асосий таркибда майдонга тушди ва шу куни у янги жамоасидаги илк ўйиндаёқ ғалаба нашидасини ҳис қилишга эришди. Шу сабабли Жасур билан суҳбатимизни «Навбаҳор»га қарши ўйин билан бошладик.  

«Навбаҳор» ҳар доим яхши рақиб бўлиб келган»

- Жасур, сизнинг АГМКдаги дебют ўйинингиз муваффақиятли чиқди ва «Навбаҳор» майдонида ўта муҳим ғалабани қўлга киритдинглар. Дастлаб дебют ўйинингиздаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз?

- АГМКга келгунга қадар мен анча вақт ўйнамай келаётгандим. Албатта, бу менинг янги жамоамдаги биринчи ўйиним бўлди. Барибир анча пайт ўйнамаганим учун футболни соғингандим. Менимча, ҳар қандай футболчи ҳам бундай пайтда ўйнашни жуда истайди. Мен эса яна футболга қайтганим учун жуда хурсандман. Афсуски, «Пахтакор»да кўп вақтим захирада ўтиб кетди. АГМКга келиб эса биринчи учрашувда бир ярим тайм давомида майдонда тўп сурдим. Муҳими, мен учун амалиёт. Шу боис бир томондан ўйнашни бошлаганимдан хурсандман. Ўйинга келадиган бўлсак, боя айтганимдек, бу менинг янги жамоамдаги биринчи ўйиним бўлди. Рақиб эса «Навбаҳор» эди ва бу ҳамиша яхши рақиб бўлиб келган. Шундай экан, бундай жамоага қарши тўп суриш ҳамма вақт қийин бўлиб келган. Қолаверса, бунгача етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаганим учун ҳам бошида менга бироз қийин бўлди. Лекин энг муҳими биз сафардан ғалаба билан қайтишнинг уддасидан чиқдик. Шунинг учун таассуротларим яхши. Менимча, исталган футболчига янги жамоасидаги дебют ўйинини ғалаба билан бошлаш жуда ёқимли туюлади.

- Фикрингизча, АГМК Наманганда айнан ниманинг эвазига ғалаба қозона олди деб ўйлайсиз?

- Биз битта нарсанинг эвазига ғалаба қозондик. У ҳам бўлса, жамоавий ўйин туфайли. Ҳамма футболчилар бир-бирини қўллаб-қувватлаб ўйнагани учун уч очкони қўлга киритдик. Айнан шу жиҳат ғалаба қозонишимизда асосий ролни бажарди.

 «Аввалига АГМКга рад жавобини бергандим, аммо Қосимов…»

- Энди бевосита клубингизни алмаштириш жараёнига тўхталадиган бўлсак, сиз трансфер ойнаси ёпилаётган охирги дақиқалардагина «Пахтакор»дан ОКМКга кўчиб ўтдингиз. Қизиқ, бошқа клубга ўтишингиз нима учун бу қадар кеч содир бўлди? Ёки ҳаммаси тўсатдан юз бердими?

- Тўғрисини айтсам, ҳаммаси сиз айтгандек тўсатдан юз берди. Бундан олдин менга АГМК клубининг раҳбарлари қўнғироқ қилиб жамоага таклиф қилишганида уларга рад жавобини бергандим. Ўша куни соат кечки 11 гача олмалиқликларга ўтмайман деган жавобни айтдим. Кейин эса соат 11 дан кейин менга Миржалол ака Қосимов қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирди. Ўзининг маслаҳатларини ҳам берди. Мураббийнинг гапларидан сўн мен ҳам ўйладим ва бир қарорга келдим. Барибир ўзим учун ҳам ўйнашим керак эди. Натижада охир-оқибат соат 11 яримларда АГМКга ўтишга розиман деган жавобни бердим. Шу тариқа, менинг «Пахтакор»дан АГМКга ўтишим охирги дақиқаларда амалга ошди.

- Демак, Миржалол Қосимовнинг қўнғироғи қарорингизни ўзгартиришга сабаб бўлган, шундайми?

- Ҳа, шунақа.

- Сир бўлмаса, Миржалол Қўшоқович сизга нималар деганди?

- Фикримни ўзгартирган биринчи омил шу бўлдики, Қосимов футболчи сифатида кўп нарсаларга эришган ва кўпни кўрган. Шунингдек, Миржалол Қўшоқович футболни яхши билгани ва яхши тушунгани учун қайси футболчида нима борлигини, ким нимага қодирлигини кўра олади. Афсуски, «Пахтакор»да кўп захирада ўтирдим. Натижада ўйин амалиётисиз қолиб кетдим. Миржалол Қўшоқович ҳам менга «Пахтакор»да захирада қолиб кетаётганимни, аммо бундан фойда йўқлигини, фақат майдонда ўйнаш кераклигини тушунтирди. Қолаверса, сендаги бор нарса захирада ўтираверсанг ўз-ўзидан йўқолиб кетади, аксинча сен ўйнасанггина ўзингдаги иқтидор янада ривожланиб бораверади деди. Биласизми, мени ўзига жалб қилган нарса шу бўлдики, мураббий менга ишонишини алоҳида таъкидлади. Айнан шу нарса менинг «Пахтакор»дан АГМКга ўтишимда асосий туртки бўлди. «Пахтакор»да эса охирги пайтларда менга нисбатан бундай ишончни ҳис қилмаётгандим. Миржалол ака, мен сенга ишонаман, сен бизга кераксан, сен ўйнашинг керак, деган гаплари руҳимни кўтарди.

- Жасур, трансфер ойнаси ёпилишига саноқли дақиқалар қолганида янги клубга кўчиб ўтишингизда «Пахтакор»нинг муносабати қандай бўлди? Ёки улар ҳаммасини ўзингиз ҳал қилишингизга рози бўлишганмиди?

- Йўқ. Аслида «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе менинг кетишимга қарши эди. Бунга қадар ҳам мураббийнинг олдига кириб мен кетишим керак деганимда ҳам рад жавобини берганди. Арвеладзени менинг кетишимга рози бўлганига сабаб – бу Жасур Абдураимов. Ушбу мутахассис менинг биринчи мураббийим ҳисобланади. Жасур ака Шота Арвеладзега мени кетсин, бошқа жойда ўйнасин, бу ерда захирада ўтираверса, ўзидаги бор иқтидорни ҳам йўқотади, деб айтган. Шота Юстинович эса бу гапларни ўйлаб  кўрганидан сўнг майли бошқа жамоада ўйнайверсин дея розилик берган. Лекин қизиғи ўша пайтда мен «Пахтакор»дан кетмайман, майли ўйнамасам ҳам қолавераман дегандим. Аммо кейин ўзим ҳам яхшилаб ўйлаб қарасам, бу нотўғри қарор экан. Кейинчалик Қосимов билан гаплашгач, АГМКга кетишга рози бўлдим.

«Арвеладзенинг менга ишончи камроқ эди»

- Сизни анча пайтдан бери кузатиб келамиз. Ўйинларингизни кўргач, имкониятларингиздан келиб чиққан ҳолда тўғриси, сизга «Пахтакор»нинг ёрқин келажаги сифатида қараётгандик. Боз устига Арвеладзе сиздаги бор иқтидорни янада «очиб» бера олади деб ҳам ўйлагандик. Аммо кўрдикки, барибир сиз билан боғлиқ вазиятда ўйинингизда «димланиш» юз берди. Бу нима билан боғлиқ эди? Мураббийнинг ишончини ҳис қилмадингизми ёки клубда рақобат ўта кучлимиди?

- Шота Арвеладзе ажойиб мураббий. У ўзининг соҳаси бўйича чинакам мутахассис. Рақобатга келсак, бу нарса футболчини пасайтирмайди, аксинча кучайтиради. Гап рақобатда эмас. Ҳамма нарса барибир ишончга бориб тақалади. Балки очиқчасига айтадиган бўлсам, Арвеладзе барибир менга 100 фоизга ишонмагандир. Чунки мени захирада қолиб ўйнамаётганимга ҳам анча бўлиб қолганди. Лекин юқорида айтганимдек, Шота Юстинович ўз ишини яхши билади ва унинг одамгарчилиги ҳам ажойиб. Унда одам ажратиш ҳислати йўқ. Ҳаммага бирдек муносабатда бўлади. Бироқ нимагадир бошқаларга қараганда унинг менга бўлган ишончи камроқ эди, нима учунлигини эса билмадим.

- «Пахтакор»ни тарк этганингиздан хафа бўлмадингизми?

- Нима десам бўлади, бундай жамоадан кетиш футболчини бир томондан хафа қилиши мумкин. Лекин футболчи ўз фаолиятини ҳам ўйлаши керак. Бир жамоада захирада бўлса ҳам қолиб кетиши нотўғри деб ўйлайман. Ҳар қандай футболчига барибир ўйин амалиёти жуда муҳим. Буни ҳар бир ўйинчи яхши тушунади. Тўғри, «Пахтакор» Ўзбекистонда биринчи рақамли жамоа ҳисобланади. Худо хоҳласа, АГМКда мавсум охиригача ўзимни кўрсатиб, яна «Пахтакор»га қайтаман деган умиддаман.

- Демак, АГМКда ўзингизни кўрсатиб, имкониятларингиз юқорилигини исботлаб яна «Пахтакор»га қайтмоқчисиз. Сиз шу мақсадда ушбу қарорни қабул қилдингиз, тўғрими?

- Ҳа, шундай деса ҳам бўлади.

- Тўғри айтдингиз, бугунги кунда «Пахтакор» Ўзбекистоннинг биринчи рақамли клуби ҳисобланади. Таркиб эса ҳаддан ташқари кучли. Чунки Ўзбекистоннинг энг олди футболчилар шу жамоада ўйнашяпти. Шу жумладан бу ерда ўзига яраша иқтидорли футболчилар ҳам бор. Клуб олдига қўйилган катта-катта мақсад ва вазифалар йўлида таркиб кучайтирилди. Лекин шунинг эвазига клубнинг маҳаллий тарбияланувчиларига бўлган эътибор бироз пасайгандек туюлди. Бунга ўзингиз қандай муносабат билдирасиз?

- Мақсади бор жамоада ҳар доим шунга яраша кучли футболчилар ўйнайди. Бир томондан қараганда, бу табиий нарса. Чунки ҳар қандай клуб кучайиши учун шунга яраша ўйинчиларни ҳам олиб келиши керак бўлади. Аммо бунинг минус томони ўзингиз айтганингиздек, жамоадан етишиб чиқаётган ёш, иқтидорли футболчилар ўйин амалиёти зарурлиги учун ноиложликдан бошқа клубларга кетишади. Чунки бундай таркибда ёшларга имконият бўлмайди. Таркибда бундай ўйинчилар бўлганидан кейин ўз-ўзидан ёшларнинг ўзларини кўрсатишга бўлган имкониятлари ҳам йўқолади. Сиз айтган гаплар ҳам тўғри. Албатта, ҳозир ҳам «Пахтакор»да иқтидорли ёшлар бор. Аммо уларни ўйинларга камдан-кам қўйишади.

 «Ўзимизнинг чемпионатда қолаверсам ўсишдан тўхтаб қолишим мумкин»

- АГМКда 97-рақам остида тўп суряпсиз. Нима учун бу рақамни танладингиз?

- Аслида АГМКда 22-рақамни олмоқчи эдим. Лекин бундай бўлмади ва кейин 97-рақамни танладим. Лекин рақамларга у қадар жиддий аҳамият берганим йўқ.

-  Умуман олганда, футболчи сифатида ўз олдингизга қўйган мақсадингиз нимадан иборат?

- Олдимдаги биринчи мақсадим АГМК жамоасида ўзимни кўрсатиш ва унинг ғалабаларига ўз ҳиссамни қўшишим керак. Асосий мақсадим эса Ўзбекистон миллий терма жамоасида тўп суриш. Шу билан бирга «Пахтакор»да ҳам ўзимни кўрсатмоқчиман. Лекин сизга тўғрисини айтадиган бўлсам, Ўзбекистон чемпионатида кўп вақт қолиб кетмоқчи эмасман. Аслини олганда, менда четга кетиш вариантлари кўп эди. «Пахтакор»далигимда ҳам бу истакларимни Арвеладзега тушунтирганман. Лекин мени қўйиб юборишни истамаган. Тўғри, ҳозир четга кетишимнинг иложиси йўқ. Бироқ футболчи сифатида айтадиган бўлсам, ўзимизнинг чемпионатда қоладиган бўлсам, футболчи сифатида ўсишим йўқ бўлади. Шу сабабли катта мақсадлар сари интилишим ва янада ўсишим учун албатта хорижга кетишим лозим. Айниқса, терма жамоа ўйинлари орқали легионерга айланишни жуда хоҳлайман.

- Бунгача сизда легионерга айланиш учун яхши имкониятлар бўлдими?

- Менда бундай имкониятлар кўп эди. Айниқса, Осиё чемпионатидан кейин мен учун вариантлар бисёр эди. Лекин боя айтдим, Шота Юстинович мени қўйиб юборгиси келмади.

- Ўша Осиё чемпионатида чемпион бўлганингиздан кейин ҳаётингиз ва фаолиятингизда ўзгаришлар сезилдими?

- Осиё чемпиони бўлиш бу ҳар кимга ҳам насиб қилмайди. Миллионта одамдан битта одамга насиб қилиши мумкин. Ўша чемпионатдан сўнг кўп нарса ўзгарди. Осиё чемпиони бўлишдек шарафли унвонга эга бўлишнинг ўзи футболчи учун жуда катта ютуқ. Биласизми, Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиш, халқаро майдонларда терма жамоа таркибида тўп суришнинг гашти бошқача бўлади. Доим клуб билан терма жамоада ўйнашнинг фарқи катта бўлади. Ўйин томонлама ва яна бошқа қирраларингизни ҳам очиб берадиган ҳислатлари бор. Лекин ҳозир буни сизга яхши тушунтира олмайман. Буни ўша инсонни ўзигина яхши ҳис қила олади. Шу боис Осиё чемпионатидан кейин ҳаётимда ҳам кўп нарса ўзгарди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Фан
16/08/2019 01:50
Яхшибоевни кейинги фаолиятига омад тилайман. Якин келажакда МТЖ сафида биз мухлисларни хали куп бора хурсанд кила оласан деган умиддамиз.

Хурматли админлар Яхшибоевни узи ва Д. Имомхужаевни такидлашларича бу трансфер сунгги дакикаларда амалга оширилган ва трансфер ойнасини якунлаб берган.
Бирок бу сунгги трансфердан сунг орадан 1 сутка вакт утиб Бунёдкор жамоаси С. Турсунов ва адашмасам Аюпов б/н расман келишувга эришганлигини эьлон килди.
Бу кечикган келишувни кандай тушуниш мумкин.
Илтимос шунга батафсил аниклик киритишингизни сураймиз.
&
Surxon turon
15/08/2019 23:14
Маладдес мужек газзи бос омад