"Пахтакор"нинг чемпионлик имконияти қандай?

Хабарингиз бор, кечадан бери SPORTS.uz нашри Ўзбекистон Суперлигасининг 2022 йилги мавсумида қайси жамоанинг имконияти яхшироқ эканлиги борасида ўз тахминларини билдириб келмоқда. Ҳозирча, турнир жадвалидан келиб чиқиб, айни дамда кучли учликни банд этиб турган клублар – “Насаф”, “Пахтакор” ва “Навбаҳор”нинг имкониятларини кўриб чиқамоқдамиз. Боиси, мазкур 3 клуб қолганлардан бироз илгарилаб кетган. Шу сабаб, ҳозирча олтин медаллар учун даъвогар бўлган ушбу жамоаларнинг мусобақада ғалаба қозониш имкониятларини баҳолаймиз. Кеча, биз сизларга “Насаф” ҳақида тўхталдик ва Қарши клуби борасида ўз фикрларимизни ўртоқлашдик.

Бугун эса Суперлига турнир жадвалида 2-ўринни эгаллаб турган Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасининг бош совринга эга чиқиш имкониятларини кўриб чиқамиз.

“Пахтакор”

“Шерлар” ҳозирда 19-турдан кейин 38 очко тўплаб, турнир жадвалида 2-ўринни банд этиб турибди. “Насаф” ҳам худди шунча очко тўплаган, аммо Шацких шогирдлари тўплар фарқига кўра Бердиев жамоасига имкониятни бой бермоқда. Тошкент клуби ўтказилган 19 ўйинда 10 ғалаба, 8 дуранг ва 1 марта мағлуб бўлган. Тўплар фарқи – 29:14.

“Пахтакор”ни олдинда муҳим 7 та беллашув кутиб турибди:

“Пахтакор” – “Насаф”
“Сурхон” – “Пахтакор”
“Пахтакор” – “Қўқон-1912”
“Пахтакор” – “Локомотив”
“Пахтакор” – “Сўғдиёна”
“Пахтакор” – “Қизилқум”
“Бунёдкор” – “Пахтакор”

Худди, “Насаф”сингари “шерлар” учун ҳам ҳақиқий синов энди бошланади. Чунки Максим Шацких жамоасини ҳам бир қанча муҳим баҳслар кутиб турибди. Халқаро танаффус якунига етгач, пойтахтликлар учун принципиал беллашув – “Насаф”га қарши ўйин бор. Ушбу баҳс атрофида жуда кўп гапириш мумкин. Чунки мазкур ўйиндаги ғалаба ҳар икки клубга ҳам чемпионлик учун катта қадам ташлаганини билдиради.

Таъкидлаш керакки, 1 октябрь куни бўлиб ўтадиган марказий баҳс олдидан Макс жамоасида бир қанча йўқотишлар бор – жароҳат олган Икром Алибоев ва сариқ карточкалари 4 тага етган Фарруҳ Сайфиев. АГКМ устидан қозонилган ғалабада Икром Алибоевнинг йўқлиги унчалик билинмади, аммо “аждарлар”га қарши баҳсда Фарруҳ Сайфиевнинг қатнашмаслиги “шерлар”нинг “минуси”га қаршиликларнинг “плюси”га ишлаши аниқ. Чунки Фарруҳнинг Шацких жамоасидаги ролини ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ. 

Барча йўқотишларга қарамай, “Насаф” устидан ғалаба қозонилса, пойтахтликларни ҳеч қанақасига тўхтатиб бўлмай қолиши мумкин. Сабаби кейинги рақиблар “Пахтакор” учун қулай “ўлжа”га айланиши эҳтимоли бор – бир текисда ўйин намойиш эта олмаётган “Сурхон”, дурангчи “Қўқон-1912” ва муаммолар гирдобида қолган “Локомотив”. Ҳа, биринчи даврада термизликлар Тошкентдан 1 очко билан ортга қайтишни уддалаган. Ҳа, қўқонликлар ўз майдонида 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган, лекин ўша пайтдаги Славче Войнескининг “Пахтакор”и ва Максим Шацкихнинг “Пахтакор”и ўртасида жуда катта фарқ бор. Ушбу рақибларга ҳурмат сақлаган ҳолда айтишимиз мумкинки, ҳозирги “шерлар” “Сурхон”дан ҳам, “Қўқон-1912”дан ҳам, “Локомотив”дан ҳам бир бош устун.

Кейин эса “Пахтакор”ни яна муҳим баҳслар кутиб турибди – 3 та.

Анча йиллар олдин вақти келиб, “Қизилқум” ёки “Сўғдиёна”нинг “Пахтакор”га қарши баҳслари марказий ўйин сифатида қаралади дейилса, ҳеч ким ишонмас эди. Ҳатто, биз ҳам бу нарсага кулиб қўйишимиз мумкин эди. Бироқ бу мавум клубларимиз шунчалик кучайдики, мана 19 тур (!) ортда қолдики, Суперлигада ким чемпион бўлишини аниқ айта олмаймиз. Сабаби, охирги йиллардаги “Бунёдкор”, “Пахтакор” ва “Локомотив”нинг гегемонлиги мухлисларни шунга ўргатиб қўйишган.

Бўлди, мавзудан четлашмаймиз. Хуллас, “шерлар”ни яна бир қанча қийин баҳслар кутиб турибди. Клубнинг Суперлигада учинчи ва тўртинчи ўринларни банд этган “Сўғдиёна” ва “Қизилқум”га қарши ўйинлари бор. Мазкур баҳсларнинг ҳам кескин курашларга бой ўтишига шубҳа йўқ. Боиси, гарчи қийин бўлса-да, Жиззах клубида ҳам, Навоий клубида ҳам медаллар учун курашишда яхшигина имкон мавжуд. Яқинда “Қизилқум” устози “Навбаҳор”дан учралган мағлубиятдан кейин “олтин изловчилар” чемпионлик учун охиригача курашишини таъкидлади. Бақоев бошчилигидаги “Сўғдиёна” эса ўтган мавсум иккинчи ўринни қўлга киритиб, медалларга эга чиқиш “таъми”ни тотиб кўрган. Шунинг учун улар бу мавсум ҳам охиригача курашиши тайин. Англаганингиздек, “Пахтакор”га мазкур баҳсларда қийин бўлиши табиий. Агарда, ҳар икки клуб ҳам пойтахтликларга қарши ўйингача йўқотишларсиз кела олса, ўйинга бўлган интрига икки марта ошади.

Ҳозиргача “шерлар” бир марта мағлуб бўлган – “Пахтакор” – “Бунёдкор” - 2:3. Айнан ўша баҳс Славче Войнескининг истеъфосига сабаб бўлди деб айтиш мумкин. Суперлиганинг сўнгги турида эса Шацких биринчи даврадаги мағлубият учун реванш олишга ҳаракат қилиб кўради. Ҳозирги “қалдирғочлар” ҳақида аниқ бир нарса дейиш қийин. Чунки мавсум бошлангандан бери “Бунёдкор”да 2 марта мураббий алмашди. Янги келган Иван Бошкович “қалдирғочлар”нинг ўйинини қанчалик яхши томонга ўзгартира олади, номаълум. Лекин ҳозирда улар 21 очко билан аутсайдерлар қаторида эканлигини ҳисобга олсак, қолган баҳсларда “Бунёдкор”ни фақат ғалаба қаноатлантиришига шубҳа йўқ.

Агарда, биз 100 фоизлик категорияда оладиган бўлсак, “Пахтакор”нинг чемпион бўлиш имкониятини “Насаф”га қараганда бироз баландроқ 85 фоизга баҳолаган бўлар эдик. Сабаби Шацких ва унинг “шерлари” фақат битта мусобақада иштирок этмоқда. Табиийки, улар бор эътиборини Суперлига баҳсларига қаратади. Шу боис, уларнинг имкониятларини бироз юқори баҳолаган бўлар эди.

Албатта, бу бизнинг субъектив фикрларимиз ҳисобланади. Барча натижалар эса майдондаги футболчилар ва мураббийларнинг қарорлари эвазига қайд этилади.

P.S. Эртага “Навбаҳор”нинг чемпионлик имкониятлари ҳақида гаплашамиз.

 Жамшидбек Маҳмудов

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Alisher Kamalov
20/09/2022 10:47
7 тадан 7 таси Тошкентда
Tohir Otaxanov
20/09/2022 11:24
Paxtakor toʻpi jarima maydoni chizigʻidan tashqarida tursa ham gol deb xisoblansa albatta chempion boʻladi
&
Олға насаф
20/09/2022 11:08
Пахтакор стадионида мухлисларнинг 12 ўйинчи сифатида ташриф буюриши инобатга олинмаган шекилли. Фикримизча, Пахтакорнинг рақибларининг мухлислари ҳар бир ўйинда Пахтакор стадионини тўлдиришса керак (ҳар холда Пахтакор мухлисларидан кўпчиликни ташкил қилса керак). Фақатгина ҳакамлар Пахтакорга ёрдам беришмаса Худо хохласа яхши ўйинларни кўрсак керак. Шунинг учун ҳали шошмаган маъқул.
Alisher Kamalov
20/09/2022 10:52
Пахтакор-Насаф 0:0
Сурхон-Пахтакор 0:0
Пахтакор-Кукон. 1:1
Пахтакор-Локомотив 2:0
Пахтакор-Сугдиена 2:2
Пазтакор-Кизилкум 1:0
Бунедкор-Пахтакор 1:3
Alisher Kamalov
20/09/2022 10:48
Бу Спорт.уз сайти Пазтакорни хотиними дейман. Хаммаси Пахтакор учун курасиз Худо хохласа шу 7 та уйиндан Пахтакор факат 15 очко олади
Alisher Kamalov
20/09/2022 10:46
Канакасига йил буйи уйинларни уйида утказган жамоа яна уйида уйнайди. 7 тадан 6 таси Тошкент вилоятида
&
Muhiddin
19/09/2022 23:29
Пахта охирги 7 турдан 5 тасини ўз майдонида ўтказадими? Ёки хатолик ёзилганми? Тақвимни боблашибди лекин.