ПФЛ аёллар футбол жамоаларини бадал пулларидан озод қилади
Хабарингиз бор Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси янги 2019 йилги мавсумда Суперлига ва аёллар ҳамда футзал клубларининг бадал пулларини оширмасликка қарор қилганди. Ташкилот бундан кейин ушбу пуллар миқдорини камайтиришни мақсад қилмоқда.
Берилган маълумотларга қараганада ПФЛ жорий мавсум аёллар футбол жамоалари учун бадал пуллари бекор қилади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар бермоқда.
“Pepsi билан келишув бизга катта ёрдам берди. У орқали бир қатор муаммоларимизни ечишга ҳаракат қилдик. Энди эса қадамни янада жиддийроқ ташлаш имконияти туғилди. Coca Cola билан ҳомийлик бизга ўз мақсадларимиз сари янада тезроқ қадам босиш учун туртки бўлади. Шундан келиб чиқиб, бошланишига аёллар футбол клубларини бадал пулларидан озод қилдик”, — деди бу ҳақда Профессионал футбол лигаси бош директори Омон Ғофуров.
“Бу билан тўхтаб қолиш ниятимиз йўқ. Бошлаган ишимизни давом эттира олсак, келаси мавсумдан энди бадал пулларини камайтириш, баъзи клубларни умуман бадал пулларидан озод қилишгача боришимиз мумкин. Биз клубларга ўз аравасини босқичма-босқич ўзи торта олиш йўлида ҳам ўрнак бўлишни истаймиз”, — деб сўзига якун ясади Омон Ғофуров.
Маълумот учун, ПФЛ бунга қадар ҳакамлар, инспекторлар ва комиссарларнинг клублар бўйнида бўлган чиқимларини ҳам ўз гарданига олганди. Шунингдек, жорий мавсум ПФЛ Суперлига клублари футболчиларининг 10 миллионлик суғурта полислари харажатларини ҳам ўз ёнидан тўлаб беради.
Фикрлар