ПФЛ клубларга янги таҳрирдаги регламентни тақдим этди. Унда нималар акс этган? - Диёр Имомхўжаевдан жавоб
ПФЛ клубларга “Футболчилар мақоми ва ўтиши бўйича регламент” янги таҳрирдаги регламентни тақдим этди. Ташкилотнинг вақтинчалик бош директори Диёр Имомхўжаев унда нималар акс этгани борасида телеграмдаги саҳифасида маълумот берди.
- Биз баъзи масалаларда кечикяпмиз. Аммо улгуришга ҳаракат қиляпмиз. Пандемия сабаб, мусобақаларни жуда кеч якунладик. Пандемия ОФК режаларини ўзгартириб юборди: қатор турнирлар қолдирилди, энг олди турнирлар саналарини ва жойларини аниқлашда мураккабликлар мавжуд.
Биз бугун клубларга “Футболчилар мақоми ва ўтиши бўйича регламент”нинг янги таҳририни тақдим этдик. Сўнгги 7-8 йилда мазкур Регламент эътибордан четда қолиб келаверган. Футболчилар ҳуқуқларининг бузилиши, шартномалардаги ўзбошимчаликлар, Турғунбоев ишига ўхшаш масалалар, хорижга кетаётган футболчилар ёки умуман ички трансферлар вақтидаги машғулот компенсациялари, бирдамлик механизми бўйича тўловлар, ФИФА кунлари, термаларнинг расмий ўйинлари ва бунда ассоциациялар ҳамда клублар ўртасидаги муносабатлар, футболчиларни рўйхатдан ўтказиш ва шулар каби қатор масалалар айнан шу Регламент орқали тартибга солинади.
Бунда болалар футболида фаолият олиб бораётган мутахассислар фаолиятини қўллаб-қувватловчи қатор бандлар борки, агар уларга тўлиқ амал қилиб ишласак, футболимиз анча тартибга келади. Айнан шу регламент асосида ФИФА клубларимизга банд қўяди, айнан шу асосида легионер футболчилар клубларимизга муаммо туғдиради, шу билан клублар ва футболчилар ўртасидаги муносабатлар тартибга солинади, ўз ҳақларини ундира олмаётган футболчилар шу регламент ёрдамида ўз ҳақларини талаб қиладилар. Болалар футболида игна билан қудуқ қазиётган мутахассислар шунинг ёрдамида меҳнатларига яраша ҳақ олиш имконига эга бўлишади. Клублар ўзлари тарбия қилган футболчилар учун шу орқали ҳақ талаб қилишади.
ЎФА Ижроқўмида биз ташкилот уставига ўзгартириш киритиш ҳамда Низоларни ҳал қилиш палатасини ташкил этиш масаласини кўтардик ва бу ишни амалга ошириш учун рухсат олдик. Яъни кемтикларни секин-аста тўлдиришга киришдик.
Юқоридаги Регламент ва ундаги қизиқ жиҳатларни видео ёки бирор телеканалдаги чиқиш орқали, албатта, батафсил тушунтиришга ҳам ҳаракат қиламиз. Регламент шошилинч ва тиғиз паллада ўзгаришларга юз тутди, унда кичик хатолар бўлиши катта эҳтимол, у ФИФА билан келишиш учун тақдим этилади ва унга қадар клублар билан ишланади. Регламентда кўринган камчиликлар ҳар йили янгилаб, тузатиб борилади, бу бизга 2-3 йил ичида том маънода пухта кўринишга келган Регламентни тақдим этиши мумкин. Фақатгина ишлашдан ва изланишдан тўхтамаслигимиз керак.
Мазкур Регламентдаги ўзгаришлар юзасидан биз Футболчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ишладик. Фурсатдан фойдаланибЮ уларга ҳам миннатдорлик билдирамиз, - деди Диёр Имомхўжаев.
Фикрлар