ПФЛ мусобақа старти қолдирилганлигини эълон қилди

8 июль куни республика ҳудудларида пандемия туфайли карантин чораларининг кучайтирилиши бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори эълон қилинганди. Унга кўра, республиканинг барча ҳудудлари қизил тоифага айланиши кўзда тутилган ҳамда 1 августга қадар транспорт воситаларининг ҳаракати чекланган.

Бугун — 9 июль куни шу масала юзасидан ЎзПФЛ Биринчи лига клублари раҳбарлари ҳамда мураббийлари билан онлайн видеоконференция ташкил қилди. Унда Биринчи лига клубларининг карантин даврида расмий ўйинларда иштирок этиши масаласи кўриб чиқилди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар тарқатди.

Таъкидлаш жоиз, ушбу мусобақада иштирок этувчи клубларнинг молиявий имконияти юқори лигалар жамоалариникидан фарқ қилади. Биринчи лига жамоалари бошқа вилоятлардаги ўйинларга кўп ҳолатларда ўйин куни бориб қайтади ва асосан йўналишсиз такси хизматларидан фойдаланади. Айни ҳолатда эса вилоятлар орасида транспорт воситаларининг ҳаракати чекланди. Рухсат этилган бошқа транспорт воситаларидан фойдаланиш, меҳмонхоналар ва бошқа харажатлар эса табиийки, Биринчи лига клубларига қийинчилик туғдиради. 

Видеоконференцияда юқоридаги каби омилларни ҳисобга олган ҳолда, Биринчи лига мусобақаларини карантин чоралари юмшатилгунига қадар вақтинча тўхтатиб туриш мақсадга мувофиқ, деб топилди. Футбол клублари эса рухсат этилган вақтларда машғулотларни давом эттиради.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Abbos Axmedov
09/07/2020 12:58
Бундан хулоса шуки супер лига вактинча яна тухтатилдими?