Пике "Барселона" мухлисларига хайрлашув мактубини йўллади

Ҳимоячи Жерар Пике фаолиятини якунлагани ҳақида маълум қилди. У кетиши олдидан "Барселона" мухлисларига хайрлашув мактубини йўллади:

“Охирги ҳафталар, ойлар ичида кўпчилик мен ҳақимда гапирди. Лекин шу пайтгача мен уларга жавоб бермадим. Энди эса мен гапираман.

Кўпчилигингиз каби мен ҳам доимо "Барса" мухлиси бўлганман. Мен футбол мухлислари, аниқроғи "Барселона" мухлислари оиласида туғилганман. Кичкиналигимда футболчи эмас, балки "Барса" футболчиси бўлишни хоҳлаганман.

Сўнгги пайтларда болалигим ҳақида кўп ўйладим. Агар ўшанда кимдир менга барча орзуларим рўёбга чиқиши, "Барса"нинг асосий таркибига киришим, барча мумкин бўлган совринларни қўлга киритишим, Европа ва жаҳон чемпиони бўлишим, дунёнинг энг зўр футболчилари билан ўйнашим ва "Барса"нинг асосий таркиб футболчиси бўлишимни айтса, ишонмас эдим.

"Барселона"га келганимга 25 йил бўлди. Мен кетдим, лекин қайтиб келдим. Футбол менга ҳамма нарсани берди, "Барса" менга ҳамма нарсани берди.

Ёш "Барса" мухлисининг барча орзулари амалга ошди, мен сизга қарорим ҳақида айтмоқчиман. Бу саёҳатни якунлаш вақти келди. Мен доим "Барса"дан бошқа жамоам бўлмаслигини айтганман ва шундай бўлади.

Шанба кунги ўйин менинг "Камп Ноу"даги охирги учрашувим бўлади. Кейин жамоанинг доимий мухлисига айланаман, уларни қўллаб-қувватлайман. Мен ҳам худди ота-онамга ўхшаб, "Барса"га бўлган муҳаббатимни фарзандларимга сингдираман.

Шуни айтишим мумкинки, эртами-кечми мен албатта қайтиб келаман. "Камп Ноу"да кўришгунча. Олға "Барселона"! - деди Пике.

Испаниялик ҳимоячи 1997 йилдан 2004 йилгача "Барселона" академиясида шуғулланган, шундан сўнг "Манчестер Юнайтед"га ўтган ва 2008 йилда яна Каталонияга қайтиб келган.

"Кўк-анорранглилар" билан 8 марта Испания чемпиони, 7 марта Испания кубоги, 6 марта мамлакат Суперкубоги, 3 марта Чемпионлар лигаси ва УEФА Суперкубоги, 3 марта клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган.

Пике Испания терма жамоаси билан Евро-2012 ва ЖЧ-2010да ғолиб чиққан.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!