Пирло Россиянинг букмекерлик компанияси билан ҳамкорлик туфайли Италия бош мураббийи бўлмаслиги мумкин
Италия терма жамоасига бош мураббий этиб Андреа Пирлони тайинлаш масаласи савол остида қолди. Бу ҳақда La Gazzetta dello Sport нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, муаммо Пирлонинг Россиядаги букмекерлик компанияси билан ҳамкорлигига бориб тақалади. Италия қонунчилигига мувофиқ, агар у миллий жамоани бошқаришни истаса, мазкур компания билан боғлиқ ҳар қандай реклама шартномаларидан воз кечиши керак бўлади. Шу билан бирга, айрим италиялик сиёсатчилар Пирлонинг букмекерлик компанияси билан ҳамкорлиги туфайли бош мураббий лавозими учун умуман бошқа номзод излашни талаб қилаётгани айтилмоқда.
Бундан аввал оммавий ахборот воситалари Хосеп Гвардиола ва Карло Анчелотти Италия терма жамоасини қабул қилиш таклифини рад этгани ҳақида хабар берган эди.
Эслатиб ўтамиз, Италия терма жамоаси кетма-кет учинчи бор жаҳон чемпионати асосий босқичига чиқа олмаганди.

Фикрлар