Питер Хюистра биринчи даврадаги ва ҳозирги "Навбаҳор"нинг фарқи, "Пахтакор"га асосий рақиблар орасида “лочинлар” анча орқадалиги ва бошқалар борасида гапирди

Суперлига 18-туридан ўрин олган “Пахтакор” – “Навбаҳор” (0:0) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Питер Хюистра қатнашди. Бу ҳақда "лочинлар" матбуот хизмати хабар берди.

- Бугун “Металлург”га қарши кечган учрашув билан солиштирганда, анча фарқли ўйин бўлди. Рақиб яхши ҳимояланди. Биз вазиятлар яратишга уриндик, лекин “Навбаҳор”нинг сўнгги тўртта ўйинини ўрганиб чиққанимизда, жамоанинг ҳимояда анча уюшқоқ ҳаракатланишига гувоҳ бўлгандик, бугун ҳам шундай бўлди. Тўлиқ ўйинни назорат қилдик, - деди Питер Хюистра.

- Бугун “Пахтакор” футболчилари пиёда юриб ўйнашди. Бундай “Пахтакор”ни кўрмагандик. Ўйинчиларнинг ҳаммаси маҳоратли, тажрибали, савияси баланд. Лекин улар бугун футбол ўйнашни исташмади. Сизнинг даражангиз билан бугун мутлақо бошқача ўйин кўрсатишинглар, рақиб ҳимоясини ёриб ташлашинглар керак эди. Ёки ғалабаларга эришавериб, ўзбек футболидан зерикдингларми?

- Мен бу борада бошқача фикрдаман. Ўйиннинг ўзига чуқур назар ташлайдиган бўлсангиз, замонавий футболда тўп назоратини ўзига оладиган жамоа одатда кам югуради. Чунки тўп сизда бўлади ва ўйинни сиз бошқарасиз. Шундай экан, бугун ўйин ташкил этиш борасида бизда муаммо кузатилмади, деб ўйлайман.

- Ўзимиздаги ўйинларда “Пахтакор” футболчиларига ижодкорлик ва креативликнинг етишмаётганлиги Чемпионлар Лигаси баҳсларида панд бериб қўйишидан чўчимайсизми?

- Бу гапингизга ҳам қўшилмаган бўлардим. “Металлург”га қарши кечган ўйинимизни кўрган бўлсангиз, биз жуда кўп вазиятлар яратдик, жуда яхши ўйнадик. Ўтган йилги иштирокимиз билан солиштирганда, биздаги ҳозирги асосий фарқ – бу Машарипов. Буни тан олиш керак, ҳозирда Холматов ва Эркинов сингари футболчиларимиз ўсишга ҳаракат қиляпти. Биз ҳар битта ўйинда ижодкорликка эътибор беряпмиз.

- Охирги марта Наманганда ўйнаганингларда, ҳужумкор, кескин ўйин гувоҳига айлангандик. Ўша пайтдаги “Навбаҳор” билан ҳозиргисини таққослай оласизми?

- Июнь ойида “Навбаҳор” таркибида ўзгаришлар кузатилди, янги футболчилар келишди. Шундан кейин жамоанинг ҳимояда анча уюшқоқ тўп тепаётганига эътибор қаратмоқчиман. Буни охирги тўртта ўйинда фақат битта гол ўтказиб юборгани ҳам тасдиқлайди. “Навбаҳор”нинг янги ўйинчиларидан марказий ҳимоячи Боян Цигерни алоҳида кўрсатиб ўтган бўлардим, анча ишончли ўйнаяпти.

- Мухлисларнинг стадионга киритилиши масаласида нима дейсиз?

- Буни бошқарув органлари ҳал қилади. Қачонки, тўлиқ хавфсизлик таъминланса, кейин рухсат берилади. Лекин, албатта, мухлисларнинг стадионга киритилишини маъқуллайман, чунки мухлислар билан ўтадиган ўйин билан мухлисларсиз ўйин - бу икки хил нарса. Эмоциялар бошқача бўлади.

- “Пахтакор” қайси жамоаларни ўзига асосий рақиб деб билади, уларнинг орасида “Навбаҳор” ҳам борми?

- Биринчи навбатда, турнир жадвалининг юқори қисмида бораётган жамоаларни айтган бўлардим. Улар орасига “Навбаҳор” ҳам анча яқинлашиб қолди. Айнан шу рақибларни принципиал деб аташим мумкин.

- Бугунги ўйинда “Пахтакор” бир очко олдими ёки икки очко йўқотдими?

- Ҳар доим икки очко йўқотдик, деб айтиш мумкин. Лекин мавсум давомида кўп ўйинлар ўтказилади, шу боис, олинган очкони қабул қилишга мажбур бўламиз. Бу мавсум фақат учта ўйинда очко йўқотдик, уларда дуранг ўйнадик. Шундай бўлса-да, бор эътиборимизни ўсишга, кейинги ўйинларга қаратамиз. Бугунги ўйинни, кейинги баҳсдаги рақибимизни таҳлил қиламиз. Хатолар устида футболчилар билан ишлаймиз. Футболчиларимизнинг астойдил ишлаётганидан хурсандман. Охирги икки ой кўп нарсани ҳал қилади, кейинги ўйинларга ҳар тарафлама тайёр бўлиш керак.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Baxtiyor Temirov
16/09/2021 09:29
Матич ва черан юриб уйнади деб айт карияларни йукотищ вакти кемадимикан ёшлар четда коляпди рахбарят укисин билсин келажагимиз ёшларку