Питер Хюистра: Ғалабага ҳақли эдик...
Ўзбекистон Суперлигаси 7-туридан ўрин олган "Турон" - "Пахтакор" учрашувида томонлар 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. Дебютант билан баҳсдан сўнг "шерлар" бош мураббийи ўйин хусусида фикрларини билдириб ўтди:
"Турон"га ажойиб ўйин учун раҳмат айтаман. Улар жуда яхши стадион ва майдонга эга. Шундай янги жамоалари кўпайгани маъқул. Инфратузилмасига катта эътибор қаратаётган клубларнинг кўпайиши Суперлига учун фойдали бўлади. Ўйинга тўхталадиган бўлсам, биринчи бўлимда ташаббус томонимизда бўлди. Кўплаб вазиятлар яратдик ва ҳакам томонидан белгиланган пенальтидан сўнг ҳисобда олдинга чиқиб олдик. Танаффусдан сўнг, бўшашганимиз боис, футболчилар бир нечта хатога йўл қўйди. Мана шу хатолар ҳисобнинг тенглашишига олиб келди. Ушбу голдан сўнг, мезбонлар янада қўшимча куч олиб олдинга интилди. "Турон" бугун майдоннинг ҳар бир қаричи учун курашганини айтиб ўтишим керак. Дарвозамиздан тўп олиб чиққанимизга қарамай, кейинги дақиқаларда хотиржам ўйинни назорат қилдик. Рақиб дарвозабони ҳам яхши ўйин намойиш қилди. Ғалабага ҳақли эдик.
Чемпионлар Лигасида қисқа вақтда олтита ўйин ўтказганимиз жисмоний ҳолатимизга таъсир қилди, деб ўйламайман. Буни баҳона сифатида келтирмоқчи эмасман. Биз ҳар доимгидек, ўз ўйинимизни кўрсатдик. Бугун ким тайёр бўлса, ўша футболчиларни майдонга туширдик. Захирадан майдонга тушган футболчилар ҳам ўйинни кучайтиришди. Бир неча яққол голли вазиятларимизда рақиб посбони ўзини кўрсатди. Мухлислар тинмай қўллаб-қувватлаб ҳакамга ҳам босим ўтказа олишди.
Мавсум бошида барча ўйинларда ғалаба қозондик. ОЧЛ гуруҳ босқичида эса битта ўйинда мағлубиятга учрадик. Охирги йиллардаги ва бу мавсумдаги "Пахтакор" ўртасида фарқ бор. Таркибни етакчилар тарк этишди. Молиявий жиҳатдан олдингидек эмасмиз. Шу боис, кўпроқ ёшлар билан ишлаб, уларнинг даражасини кўтаришга ҳаракат қиламиз. Бу менга ёқади. "Пахтакор"да жуда яхши академия бор. Улар Чемпионлар Лигасида ҳам ўзларининг сифатларини кўрсата олишди", - дея нидерландиялик мутахасис сўзларини келтирмоқда клуб матбуот хизмати.
Фикрлар