Питер Хюистра: Осиёда энг яхши даражага чиқишга ҳаракат қиламиз

Суперлига янги мавсуми олдидан "Пахтакор" бош мураббийи Питер Хюистра иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда нидерландиялик мураббий қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

"Барчага бу ерга келганингиз учун раҳмат айтаман. Мавсум бошланишидан аввал, ОАВ вакиллари билан учрашиш ва мулоқот қилиш ёқимли. "Пахтакор" бош мураббийи сифатида биринчи марта сизлар билан бундай учрашувда иштирок этяпман. Охирги тўрт йилда "Пахтакор"да ишлаяпман, клуб ва ўзбек футболини яхши биламан. Иш мен учун янги эмас, лекин чақирувни янги, деб айтишим мумкин. Сизлар билан мухлисларга ўз фикрларимизни етказамиз.

Шота Арвеладзе билан ишлаган давримизда биз "Пахтакор" билан янги даражага чиқа олдик, деб ўйлайман. Икки йил ичида барча ички совринларга эга чиқдик. Чемпионлар Лигасида энг кучли саккиз жамоа қаторидан ўрин олдик. Ўсиш учун раҳбарият, Шота ва барча ходимларга раҳмат айтаман. Ҳозир эса Арвеладзе жамоани тарк этгач, биз ўйин фалсафасини сақлаб қолиб, янада ўсишга интилишимиз зарур. Осиёда энг яхши даражага чиқишга ҳаракат қиламиз. Хорижлик мутахассислар ўзбек футболчилари ҳақида жуда илиқ фикрлар билдиришади. Чемпион сифатида бизда масъулият бор, ортимиздан барчани юқори марра сари етаклашимиз керак. Ўзбек футболининг ривожланиши, Суперлига, клублар ва терма жамоалар, ҳомийлар келишини кўпайтириш учун барчамиз ҳамжиҳат ишлашимиз керак. Ўзбек футболи катта имкониятга эга. "Пахтакор" ва бошқа жамоаларда ўсиш учун потенциал мавжуд. "Олимпик" жамоасида 60 фоизга яқин ўйинчи "Пахтакор" тарбияланувчилари ва футболчилари саналади".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!