Португалия Жезуш қўл остида 4 та ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди, улардан учтасида Роналду йўқ эди
Португалия терма жамоаси Миллатлар лигаси гуруҳ босқичи 4-турида Норвегияга қарши ўйинда иродали ғалабага эришди. Беллашув 2:1 ҳисобида португалияликлар фойдасига якунланди.
Учрашувда ҳисоб 36-дақиқада очилди – Мартин Эдегор узатмасидан сўнг Кристоффер Айер Португалия дарвозасини ишғол этди ва Норвегияни олдинга олиб чиқди. Ортидан икки дақиқа ўтиб, 38-дақиқада Нуну Мендешнинг аниқ пасини Жоау Канселу голга айлантириб, ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлимда ҳам кураш шиддатли тус олди. 79-дақиқада Жоау Феликснинг узатмасидан кейин Гонсалу Рамуш рақиб дарвозасини ишғол этиб, Португалияни ҳисобда олдинга олиб чиқди. 86-дақиқада эса португалиялик вингер Франсишку Консейсау тўғридан-тўғри қизил карточка олиб, майдонни тарк этди, аммо Норвегия сон жиҳатдан устунликни ҳисобга айлантира олмади.
Аввалроқ португаллар шу ҳисобда меҳмонда ҳам норвеглар устидан ғалаба қозонган, ундан олдин эса Уэльсни 1:0, Данияни эса 4:2 ҳисобида енгган эди.
Скандинавия терма жамоаларига қарши ўйинларда Криштиану Роналду майдонга тушмади. Ҳужум чизиғида ҳаракат қилган Гонсалу Рамуш эса шу учрашувларда учта гол урди ва яна бир голга пас берди.
Бу ғалабадан сўнг Португалия 4-гуруҳ турнир жадвалида 12 очко билан пешқадамликни сақлаб қолди. Норвегия эса 3 очко билан 4-поғонада қолмоқда.
Кейинги турда Португалия ўз майдонида Данияни қабул қилади. Ушбу учрашув 14 ноябр куни бўлиб ўтади. Норвегия эса ўша куни ўз уйида Уэльс терма жамоасига қарши майдонга тушади.
ПОРТУГАЛИЯ – НОРВЕГИЯ – 2:1 (1:1)
Голлар: Айер, 36 (0:1), Канселу, 38 (1:1), Рамуш, 79 (2:1).
Майдондан четлатиш: Консейсау, 86.

Фикрлар