Португалиялик Бруно Sports.uz мухбирига: "Моуриньо ўзи билмаган ўйинчига пул сарфлашни ёқтирмайди, у Шомуродовда бошқа жиҳатларини ҳам кўра олди, Рашидовни чап оёғидаги кучли зарбаси билан эслаб қолганман"

Жаҳон футболида португалияликларнинг алоҳида ўрни бор. У ердан футбол олами учун етишиб чиққан мураббий-у, футболчиларга бир қаранг! Бунга биргина Моуриньо билан Роналду яққол мисол бўла олади. Эскитдан португалиялик мураббий ва футболчилар кучли бўлиб келишган.

Ҳамюртимиз Элдор Шомуродовнинг “Рома”да айнан Жозе Моуриньо қўл остида тўп суриши ҳам бежиз эмас. Бу борада ҳам кўплаб мутахассислар ўз фикрларини билдиряпти.

Sports.uz мухбири айнан португалиялик мутахассислардан бири билан қизиқарли суҳбат уюштириш мақсадида юртимиз футболидан оз-моз хабардор бўлган Бруно Перейрага алоқага чиқди. 40 ёшли мутахассис Португалиянинг бир қатор клубларида меҳнат қилган. Қолаверса, Саудия Арабистони, БАА ва Уммон чемпионатларида ҳам бош мураббийлик қилган ҳолда муваффақиятларга эришган.

Перейра Португалиянинг Модейра оролидан. Яъни Криштиану Роналду билан ҳамшаҳар. Суҳбатимизни шу ҳақда бошладик.  

- Жаноб Перейра, сиз Португалиянинг Модейра оролидансиз. Биламизки, у ерда Криштиану Роналду вояга етган. Айтинг-чи, футболчининг она шаҳрида мавқеи қандай? Унинг туғилиб ўсган масканига ёрдам бераётгани ростми?

- Ҳа, сиз тўғри айтиб ўтдингиз, мен Модейрада, Роналду билан битта жойда туғилганман. Модейра шаҳри – бу Модейра оролларининг пойтахти ҳисобланади. Албатта, бизнинг шаҳарни ривожланишида Роналдунинг ҳиссаси жуда катта. Чунки унинг шу ердан чиққани ва айнан Модейрада таваллуд топгани Португалияда Модейранинг энг туристбоп шаҳарга айланишида катта ўрин тутди. Роналду шаҳар учун жуда яхши реклама бўла олди. Бу ерда ажойиб об-ҳаво, турли хил мазали таомлар, яхши жойлашув туфайли ҳам бу ерга туристлар яна ва яна келаверадилар. Ўзингиз ҳам Роналдунинг ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларига кирсангиз айнан Модейрадан кўплаб расмларни жойлайди. Шу жиҳатдан ҳам Криштианунинг дунё бўйича машҳур бўлишида Модейранинг ҳам катта ёрдами бор.

перейра

- Роналду ва Моуриньо билан шахсан танишмисиз?

- Тўғрисини айтсам, Роналду ва Моуриньо билан шахсан таниш эмасман. Агар мен улар билан яқиндан таниш бўлганимда бу фахрли бўларди. Улар Португалиядаги йирик номлар. Дунёдаги машҳур инсонлардан иккитаси ҳақида гапиряпмиз. “Брага”га келмасимдан аввал Роналдунинг акаси билан таниш эдим. Бу мени Роналдуга энг яқин бўлган тарафим.

- Сизнингча, Моуриньонинг “Рома”га келиши клуб имижини оширадими?

- Албатта. Нима учун “Рома”да муваффақиятга эриша олмаслиги керак? Моуриньо дунё даражасидаги мураббий. Унинг қилган ишлари ва натижаларини яхши биламиз. “Интер” билан амалга оширган требли, Англиядаги муваффақиятли фаолияти, “Реал”даги йиллари... Тўғри, Англиядаги сўнгги совринини “Манчестер Юнайтед”да қўлга киритганди. Барибир у ўзига хос услубга эга бўлган кучли мураббий. “Рома”ни ўзгартира олади. Португалия футбол мураббийлар мактабининг энг ёрқин намоёндаларидан бири. “Рома”да Паоло Фонсеканинг ўрнини эгаллади. Фонсека ҳам кучли мураббий. Унинг фаолияти ва иш услуби билан яқиндан танишман. Айтишим мумкинки, бу мураббийнинг ҳужумкор футболни яхши кўриши, жамоасини қандай ҳолатда кўришни исташи, қандай тайёрлаши, бундай услуб менинг мураббийлик фалсафамда ҳам бор. Барибир Моуриньо – бу Моуриньо. Уни кўпроқ консерватив мураббий деган бўлардим. Унинг ўзига хос қайсар услуби бор.

перейра3

- Эшитган бўлсангиз, Моуриньо “Рома”га ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовни олиб келди. Бу футболчи ҳақида нималарни биласиз?

- Ҳа, Элдор ҳақида эшитдим, у “Рома” билан шартнома имзолаган. Моуриньо қайсидир футболчини харид қилдими, унинг сифатига, характерига тўлиқ ишонгани учун ўз жамоасига таклиф этади. Элдорни ўтган мавсумдаги ўйинларини кўргандим. “Женоа”да 8 та гол урди. Шомуродов сифатли футболчи. Бўйи баланд. Гавдаси катталигига қарамасдан жуда тез ва ўз гавдасидан тўғри фойдалана олади. Тўпни ўзида яхши ушлаб тура олади. Керак пайтда тезлашиб, ҳимоячилардан қочишни уддалай олади. Голларни яхши ҳис қилади. Моуриньо ўзи билмаган ва ўзи ишонмаган футболчини харид қилмайди.

перейра6

- Моуриньонинг айнан қандай инжиқ томонлари бор? Шомуродов унинг жамоасида қанақа ролда бўлади деб ўйлайсиз? Мураббийнинг ишончини қозониш учун футболчимизга катта босим ўтказадими?

- Боя айтганимдек, Моуриньо Шомуродовга ишонгани учун таклиф қилди. Жозе ўзи билмаган ва ишонмаган ўйинчига пул сарфлашни ёқтирмайдиган мураббий. Шомуродовни фақат ҳужумчи сифатида эмас, унинг бошқа жиҳатларини ҳам кўра олган деб ўйлайман. Ўзим ҳам сездим, Элдор фақатгина марказий ҳужумчи сифатида эмас, балки бошқа вазифаларни ҳам яхши бажара олади.   

перейра8

- Энди бевосита фаолиятингиз ҳақида тўхталадиган бўлсак, Португалия клубларидан ташқари Саудия Арабистони, БАА, Уммон каби чемпионатларда ҳам ишлагансиз. Айтинг-чи, араб дунёсида фаолият олиб борганингиз сизга нима берди? Моддий томондан яхши таъминотми ёки тажриба?!

- Тўғри таъкидладингиз, мен Португалиянинг кўплаб жамоаларида ишлаганман. Мураббийлик фаолиятим анча эрта бошланган. Бир неча йиллар ёрдамчи мураббий сифатида ишлаганман. 27 ёшимда Португалиянинг иккинчи дивизон клубида бош мураббий сифатида фаолиятимни бошлаганман. Бу мен учун катта мактаб бўлган даврлар. Шунингдек, Португалияда ёшлар жамоаларида ҳам ишлаганман. Мен ёрдамчи мураббий бўлиб фаолият кўрсатган катта клуб ва мураббийлардан бири сифатида “Монако”да жиддий ўзгаришларни амалга ошира олган португалиялик Леонардо Жардим ҳисобланади. Бу мутахассис билан ёнма-ён ишлаш мен учун катта тажриба бўлган. Саволингиз тўғри, кейинчалик мен Яқин Шарқ мамлакатларида бир неча муддат фаолият олиб бордим. Тўғриси, саёҳатлар, турли мамлакатлар маданиятини ўрганиш доим ёққан. Ҳар сафар шу нарсага ўзимда эхтиёж сезаман. Ўзимни турли мамлакатлар ва уларнинг маданиятига осон кўникиб кета оладиган, тезда мослашадиган инсон деб биламан. 20 дан ортиқ давлатларда бўлганман. У ерларда мураббий сифатида ишлаганман ва яшаганман. Бу аслида биз мураббийларга керак бўлган жиҳат. Чунки жамоангизда янги фалсафаларни қўллаш, уларни доим руҳлантириб туриш учун сиз дунё миқёсида тажрибага эга бўлишингиз керак бўлади. Шу боисдан мана шу тажриба доим менга қўл келади деб ўйлайман.

перейра2

- Бир неча йил олдин ҳамюртимиз Сардор Рашидов Модейра оролида “Насьонал” жамоасида тўп сурган. Буни биласизми?

- Ҳа, Рашидов ҳақида биламан ва у хусусида озми-кўпми маълумотга эгаман. Адашмасам, бу футболчи маълум муддат Яқин Шарқ жамоаларида ҳам тўп суришга эришганди. Шундан кейин “Насьонал”га келди. Бу ерда қисқа муддат фаолият олиб борди. Сардор жуда яхши ҳужумчи, сифатли ўйинчи. У ажойиб техникага эга. Бу ўйинчини чап оёғидаги кучли зарбалари билан эслаб қолганман. Бир сўз билан айтганда, Рашидов яхши даражадаги ҳужумчи. У ҳақда менда илиқ таассуротлар шаклланган.

- Умуман айтганда, ўзбек футболи билан танишмисиз? Яна нималарни биласиз?

- Футбол аслида бутун дунёда деярли бир хил. Мен катта фарқ бўлади деб ўйламайман. Тўғри, баъзи-бир ўзгаришлар, менталитет билан боғлиқ фарқланишлар бўлиши мумкин. Ўзбек футболи ҳақида нима дейишим мумкин? “Пахтакор” тўғрисида яхши биламан. Саудия Арабистонининг “Ал-Иттиҳод” клубида ишлаган пайтимда уларга қарши Тошкентда ўйнагандик. “Пахтакор” яхши клуб. Бир вақтлар “Бунёдкор” кучли таркибга эга эди. Ўзбек футболи тўғрисида фақат яхши нарсаларни айтишим мумкин. “Ал-Насср”га қарши учрашувларда ҳам “Пахтакор”нинг ўйинларини кўрганман. “Пахтакор” билан “Бунёдкор” ўзбек футболининг имиджини белгилаб беради. Футболингизни яхши деб айтишим мумкин. Балки ички чемпионатингиз хусусида тўлиқ билмаслигим мумкин. Аммо ўша иккала жамоа ўзбек футболи ва лиганинг нималарга қодирлигини кўрсатиб беради. Шунингдек, Микаэль Секейранинг “Локомотив”да ишлаётгани ҳақида эшитдим. У билан бироз танишман. Яъни, 2016 йилда Португалия клубини тарк этганида мен унинг ўрнига бош мураббий этиб тайинланганман. У ҳам мен каби “Брага” жамоасида ишлаган. Тажрибага эга мутахассис. Шахсан таниш бўлмасам-да, Секейранинг ишларидан озми-кўпми маълумотга эгаман. Секейранинг Ўзбекистондаги фаолияти муваффақиятли чиқиши португалиялик мутахассисларни сизнинг чемпионатингизга йўл очиб беради деб ўйлайман.

перейра4

- Ҳозирги иш фаолиятингиз қаерда давом этяпти? Мураббийлик ишингиздан қониқяпсизми?

- Ҳозир эркин агентман. Сўнгги марта Уммон клубида ишлагандим. Биз у ерда ўзига хос тарих ярата олдик. Ўртамиёна жамоа эди. 40 йилдан ортиқ вақт давомида Уммон чемпиони бўлмаганди. Келишимдан аввал клуб 6-7 та учрашувда кетма-кет муваффақиятсизликка учраганди. У ерга мени таклиф қилишганидан кейин 20 та беллашувда мағлубиятсиз ўйин ўтказдик. Якунда чемпионатни биринчи ўринда тугатишга муваффақ бўлгандик. Яхши тарих яратгандик. Ҳозир ўз устимда меҳнат қиляпман. Янги лойиҳалар устида ўйлаяпман.

перейра1

- Сизда Ўзбекистонда ишлаш имконияти бўлганми? Ўзингизни мамлакатимизда қандай тасаввур қиласиз?

- Ҳозирча Ўзбекистонда мураббий сифатида ишлаш бўйича таклиф келиб тушмаган. Юртингизга бир марта, ҳали бош мураббий бўлмасимдан аввал ташриф буюрганман, “Пахтакор”га қарши ўйин учун. Лекин мен чақириқлардан ҳеч қачон қочмайман. Ўзбекистонда ишлаган тақдиримда муваффақиятга эриша оламан деб ўйлайман. Чунки Яқин Шарқда ишлаш ҳам осон эмасди. У ерларда эса керакли натижаларни қўлга кирита олдим. Ўзингга бўлган ишонч – бу муваффақиятнинг онаси деб айтсак ҳам бўлади.

перейра9

- Роналду – Месси! Ким кучли деган савол ҳар доим қизғин муҳокама қилинади. Сизнинг жавобингиз қандай?

- Қийин савол. Роналду ва Мессини солиштириш нотўғри. Иккаласи ҳам биринчи ўринни бўлишиб туришади. Роналду ҳақида гапирсак, у гол-машина. Тўхтамайдиган роботдек гол уради. Месси эса туғма талант. Яратувчанлик қобилиятига эга. Уни сеҳргар десак ҳам бўлади. Иккиси ҳам дунё футболи тарихида энг зўр футболчи номини бўлишиб туришга лойиқ. Роналду ёши 36 га етган бўлса ҳам ҳамон юқори формада. Тўпурарлигини турли мусобақаларда давом эттиряпти. Келгуси икки-уч йилда ҳам мана шу темпни ушлаб қола олади.

перейра5

- Португалияда одамлар ўзбек футболи ҳақида қандай фикрда?

- Бу саволга жавоб беришим қийин. Ўзбекистон ҳақида Португалияда нима деб ўйлашларини тўғриси билмайман. Чунки бу олисдаги давлат. Ўзимда ҳам катта таассурот йўқ. Мен борган пайтимда Ўзбекистонда совуқ эди. Балки кўпинча бундай ҳолат бўлмас. Асосан атрофимиздаги мамлакатлар ҳақида гаплашамиз. Мисол учун Испания ҳақида кўп гапирамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!