Премьер-лига клуби таниқли легионеримизни жўнатиб юборди
Қозоғистон Премьер-лигасида жорий мавсум юқори ўринлар учун курашаётгант “Қайрат” жамоаси асосий ўйинчилардан бири Иброҳимхалил Йўлдошев клубни вақтинча тарк этгани ҳақида расмий маълумот чиқарди.
- Қайрат ҳимоячиси Иброҳимхалил Йўлдошев 2024 йилги Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш учун Ўзбекистон U-23 терма жамоаси ихтиёрига жўнаб кетди.
Олимпиаданинг футбол турнири Париж шаҳрида 24 июлдан 9 августга қадар давом этади.
Ибрага ва унинг терма жамоасига мусобақада муваффақиятли қатнашишларини тилаб қоламиз, - деб расмий баёнот берди “Қайрат” клуби матбуот хизмати.
Бундан ташқари, клуб ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали Ўзбекистон U-23 терма жамоаси 24 июлда Испания, 27 июлда Миср ва 30 июлда Доминикан Республикаси футболчилари билан куч синашишини эслатиб, ўйинлар тақвимини ҳам эълон қилди.
Асли «Пахтакор» тарбияланувчиси бўлган Иброҳимхалил Йўлдошев Россиянинг “Нижний Новгород” футболчиси ҳисобланади. “Қайрат” жорий мавсум бошида чап қанот ўйинчисини кейинчалик тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқи билан бир йилга ижарага олган эди.
23 ёшли футболчимиз қозоқ клубининг етакчиларидан бирга айланди. Ҳозиргача, барча турнирларда 13 маротаба майдонга тушиб, ҳимоядаги вазифаларини бажаришдан ташқари, ҳужумчиларга қўшилиб келмоқда. Бу ўйинларда Иброҳимхалил иккитадан гол ва голли пас муаллифи бўлди.
Иброҳимхалилнинг “Нижний Новгород” билан амалдаги шартномаси келаси йилнинг ёзигача тузилган. “Қайрат” билан ижара битими шу йилнинг 31 декабрь куни якунланади.
Ўзбекистон U-23 терма жамоаси бош мураббий Тимур Кападзе Францияда бўладиган ёзги Олимпия ўйинчилари учун 22 футболчидан иборат таркибни эълон қилди. Иброҳимхалил Йўлдошев билан бирга ҳисоблаганда улардан етти нафари хориж клубларида ўйнаётган легионерлардир.
Хусусан, якуний таркибга жалб қилинганлардан Йўлдошев Қозоғистоннинг “Қайрат” жамоаси вакили бўлса, Абдуқодир Ҳусанов Франциянинг “Ланс”, Умарали Раҳмоналиев ва Аббосбек Файзуллаев мос равишда Россиянинг “Рубин” ва ЦСКА футболчилари ҳисобланади.
Қоидага кўра, Олимпия ўйинларида 23 ёшгача бўлган футболчилар иштирок этади. Бироқ қатнашчилар уч нафар ёши катта ўйинчиларни ҳам таркибга киритиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон U-23 терма жамоаси мураббийлар штаби бу ҳуқуқдан фойдаланиб, таркибни Италиянинг “Рома” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов, Туркиянинг “Ризеспор” жамоаси ҳимоячиси Ҳусниддин Алиқулов ва “Персеполис” сафида Эрон чемпионлигига сазовор бўлган ҳужумкор футболчи Остон Ўрунов билан кучайтирди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U-23 терма жамоаси жорий йилнинг апрель ойида Қатарда 23 ёшгача футболчилар иштирокида ўтказилган Осиё кубогида иккинчи ўринни эгаллаб, ўз тарихида илк бор ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олди.
Бўлажак Олимпиадада барча спортчиларимиз қатори футболчиларимизга ҳам омад ва муваффақият тилаймиз!
Фикрлар