Президент Суперлигада кўришни хоҳлаётган "Арал" келаси мавсум қайси лигада ўйнаши маълум бўлди
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев ўз телеграм саҳифасида “Арал” футбол клубининг келгуси тақдири ҳақида фикр билдирди.
“Президентимиз Қорақалпоғистонга ташрифи давомида "Арал" футбол клуби мавзусини кўтарди. Бу футбол оламидагилар учун ёқимли. Зеро, "Арал самали" чиндан ҳам кучли клублар билан рақобат қила олмайдиган даражага келиб улгурган. Қорақалпоғистон нафақат катта футбол, балки аёллар футболи ҳамда футзал масаласида ҳам албатта ўсишга эришиши керак.
Шавкат Миромонович "Арал" клубининг яқин йиллар ичида ўзига келишига шаъма қилди. Айнан келаси йил Суперлигада ўйнайди, дейилмаганида маъно бор. Чунки 20 йил аввал, Қорақалпоғистон бош жамоаси сунъий равишда элитага олиб чиқилган ва ура-ура билан икки йил Олий лигада ушлаб турилган. Табиийки, бош жамоанинг ўзига тегишли базасига, захира ҳамда кадр тайёрловчи мактабига эътибор қилинмаган. Шунингдек, клуб аниқ молиялаштириш манбаларига эга бўлмаган. Оқибатда жамоа икки йилнинг ичида қуйи лигага қайта тушиб кетган.
Демак, эндиликда ишни тўғри йўлга қўйиш талаб этилади. Биринчи галда моддий-техник базани қуриш, кадрлар салоҳиятини оширишга урғу бериш керак бўлади. Президентнинг бу таклифини қўллаб-қувватлаган ҳолда "Арал" клубининг Про лига мусобақасида истисно тариқасида иштирок этишига эришишимиз мумкин. Сир эмаски, мазкур лига учрашувлари УзРепорт ва Футбол-ТВ орқали намойиш этилмоқда. Бу кўплаб қорақалпоғистонлик дўстларимизга жонажон жамоалари учрашувидан баҳраманд бўлиш имкониятини тақдим этади.
ЎзПФЛ 2021 йилги мавсум учун 22 клубни лицензиялашдан ўтказди. 2022 йилги мавсумга қадар Про лига иштирокчилари сонини ва уларнинг сифатини ошириш вазифаси турган бир вақтда, "Арал самали" клубига бўлган бундай эътибор биз учун катта ёрдам бўлади. Умид қиламизки, 20 йил аввалги сунъийлик унут бўлади ва бу сафар ҳаммаси ФИФА низомларига, спорт принципларига тўғри келадиган ҳолатда рўй беради. Зеро, Президент таъкидлаганидек, "Арал" чиндан ҳам қайта қуришга муҳтож. Про лига орқали биз клубни босқичма-босқич кўзланган мақсадга олиб келишимиз мумкин. Бу лигада Хоразм, Самарқанд, Фарғона каби вилоятларнинг ҳам бош жамоалари бор экани "Арал" учун ҳам мотивация бўлиб хизмат қилишига ишонамиз”, - деб ёзади Имомхўжев.
Фикрлар