"Про лига - бу "Локомотив"нинг жойи эмас, Абрамов билан муносабатим унчалик зўр эмасди, "Динамо"га яхши мураббий етишмади" - Марат Бикмаев
37 ёшни қаршилаган ҳужумчи Марат Бикмаев “Динамо”ни тарк этиб, ўзининг қадрдон клуби – “Локомотив”га қайтди.
Ўтган йили биринчи даврада “Сўғдиёна” сафида 10 та ўйинда майдонга тушиб гол ура олмаганди. “Динамо”да эса 11 та баҳсда рақиблар дарвозасига 8 та гол уришга муваффақ бўлди. Лекин самарқандликлар барибир Суперлигани тарк этди. Шунга қарамай, Бикмаев ҳам 2023 йилги чемпионатни про лигада ўтказади. Фақат “Динамо”да эмас, “Локомотив”да.
Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраев Бикмаевнинг мазкур масаладаги фикрлари билан қизиқиб кўрди.
“Динамо”даги фаолияти ҳақида
- Биринчидан, “Динамо” билан тузган шартномам тугаганди. Иккинчидан, Вадим Абрамов билан муносабатим унчалик яхши эмас. Буни сабаблари бор, аммо айтмайман. Тўғриси, у билан чиқиша олмайман. Шунинг учун “Динамо”дан кетиш қарорини қабул қилдим. Умумий маънода айтганда, клубда ҳаммаси ёқди, ўйин амалиёти ҳам бўлди. Жамоа аҳил эди. Раҳбарларга гап йўқ. Ташкилотчилик яхши эди. Фақат ўшанда бизга яхши мураббий етишмади. Лекин ярим йилни яхши ўтказдим, деб ўйлайман. Чунки иккинчи даврада 8 та гол урдим. “Динамо”да мен учун зўр босқич бўлди. Хуллас, у ерга борганимдан афсусланмайман. “Динамо”даги фаолиятим орқали ҳаётда эслаб юрадиган хотиралар қолди-да.
“Локомотив”га қайтиши қандай содир бўлди?
- “Локомотив”га ўтганимни сабабига келсак, бу про лига жамоаси эмас. Ўтган йили клуб жуда ёмон натижа кўрсатди. Собиқ жамоамга қайтиб, уларга ёрдам бериш ва клубни Суперлигага қайтишида ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Бу мен учун қадрдон жамоам. “Локомотив”га қайтганимдан хурсандман. Бу ерда ҳамма мени билади, мен ҳам ҳаммани биламан. Ички муҳит яхши. “Локомотив”да ёш, истеъдодли йигитлар кўп. Асосийси, жамоани Суперлигага қайтаришида фойдамиз тегишини истайман. Бу асосий мақсадимиз. Қўлимдан келганича ҳаракат қиламан.
Бикмаев илк бор про лигада...
- Про лигада ўйнашимни ҳеч муаммоси йўқ. У ерда ҳам яхши чемпионат. Фақат про лигани Суперлига билан озгина фарқи бор. Про лигада ўйнайман деб ўзимни устун қўймаяпман. Муҳими, “Локомотив”га ёрдамим тегишидир. Шуниси мени кўп қизиқтиряпти. Про лигада яхши ўйинлар кўрсатиб Суперлигага қайтамиз, деган умиддаман. “Локомотив” про лигада бўладими ёки Суперлигадами, барибир клубни юрагимдан яхши кўраман. Тўғри, ҳозир жамоа ўз жойида эмас. Бор имкониятимизни бериб кучлилар орасига клубни қайтармоқчимиз.
Бу фаолиятидаги охирги клубми?
- Ҳамма қачон тугатишимни гапиришади. Мен ҳозирча фаолиятимни тугатмоқчи эмасман. Насиб қилса, жароҳатларсиз юрсам келаси йили балки Суперлигада ҳам ўйнарман. Ҳаммаси Худодан. Кучим борича ҳаракат қиламан. Ишлашдан тўхтамаймиз.
Самарқандда тўпурарлигини қайтаргани ҳақида
- “Динамо”да менга ўйнаш учун кўп вақт бўлди, етарли амалиётга эга бўлдим. Ҳар қандай ҳужумчида ўйин амалиёти кўп бўлса гол уради-да. Менимча, бу биринчи сабаби. Иккинчидан, жамоа охирги ўринда юрганида бунга ҳеч қачон бефарқ қарамадик. Масалан, мен қаерда ўйнасам ҳеч қачон охирги поғонада бўлмасдик. Ҳамиша чемпионлик учун курашардик. Шунинг учун Самарқандда ҳамиша йигитларни руҳлантириб, ютишимиз керак, бу бизни ўрнимиз эмас, деб гапирардик. Барибир футболни севаман-да!
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар