Про лига учун ўтиш учрашуви ўтказилмайди

“2022 йилги мавсумда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган мусобақалар регламенти”нинг 19.4-бандига кўра Про лигада 9-ўринни эгаллаган жамоа мазкур лигадаги ўрнини сақлаб қолиши учун Биринчи лиганинг иккинчи клубига қарши ўтиш ўйинида иштирок этиши лозим.

Шунга қарамай, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси мазкур беллашувни ўтказмайди. Бу борада ташкилот шу йилнинг май ойидан буён бошқа режалар ишлаб чиққан бўлиб, миллий лицензиялаш талаблари асосида 5 та клубни мониторингдан ўтказади. Яъни, Про лига талабларини бажаришда сусткашликка йўл қўяётган клублар, шунингдек, Биринчи лига орқали Про лига йўлланмасини қўлга киритган ёки шунинг арафасида турган клубларнинг барчаси иштирокида умумий йиғилиш ташкил этилади.

Мазкур жараёнлар ҳақида ЎзПФЛ қўшимча маълумот тақдим этади. Унга қадар эса “Навбаҳор-фарм”, “Зомин”, “Арал” каби жамоаларнинг 2022 йил давомидаги иштироки таҳлил қилинади, уларнинг Про лигадаги иштирокига фақатгина белгиланган лицензиялаш талабларини бажариш шартида рухсат этилади. Мазкур талаб Регламентнинг 6.1-банди асосида кучга киради.

ЎзПФЛ матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!