Про-лигада "қайноқ" интрига кутиляпти! Уларга қаранг: Мўминжонов, Файзиев, Фузайлов. Фақат...
Афтидан, бу йилги мавсумда про-лига ўзининг даражаси ҳамда мавқеи жиҳатидан катта сакрашни амалга оширадигандек тасаввур уйғотмоқда. Ўзи шундоқ ҳам ПФЛ Суперлигадан кейинги ўринда турувчи ушбу лигада ҳам интригани сезиларли равишда ошириш йўлида ҳаракат олиб боряпти. Тахминимизча, бу йил Суперлига билан бир қаторда про-лигага бўлган қизиқиш ҳам ошади. Нега дейсизми? У ерда иш бошлаётган мураббийларга қаранг: Илҳом Мўминжонов, Даврон Файзиев, Ҳаким Фузайлов, Асрор Алиқулов, Элдор Сакаев...Булар сиз-у, бизга яхши таниш бўлган мутахассислар, шундай эмасми?
Аввалига кутилган хабар ўз тасдиғини топди. Унга кўра, дисквалификация муддати тугаган заҳоти Илҳом Мўминжонов “Нефтчи” бош мураббийи сифатида расман эълон қилинди. Аслида фарғоналиклар янги мавсумда Суперлигага қайтишга яқин турганди, аммо унинг остонасидан қайтиб кетишди. Натижада омад “Турон”га кулиб боққанди. Оқибатда “Нефтчи” яна бир бор про-лигада “умрини” ўтказадиган бўлди. Лекин “Нефтчи” қайси лигада бўлишидан қатъий назар Мўминжонов варианти бизнингча олдиндан ҳал қилиб қўйилганди. Натижада у янги жамоаси билан про-лигада қатнашиб, уни Суперлигага қайтариш учун курашишга киришди. Вилоят ҳокими унинг олдига катта вазифаларни қўйди. Улардан энг биринчиси клубни Суперлигага қайтариш. Бу йўлда Мўминжоновга шароитлар яратиб бериляпти. Таркибга мураббий ўзи истаган футболчиларни жалб қилмоқда. Куни кеча сербиялик мутахассисни ҳам ўз штабига таклиф қилди ва ўша ердан легионер ҳам олиб келинди.
Эътиборлиси, Илҳом Мўминжонов билан тўрт йиллик шартнома имзоланди. Бу эса катта лойиҳага қўл урилганидан дарак бермоқда. Одатда, футболимизда анчадан бери бунчалик катта муддатга келишувлар амалга оширилаётганини кўрмагандик. Кўриниб турибдики, “Нефтчи”нинг яна аввалги шон-шуҳратини қайтариш учун янги мураббийга кенг имконият ҳамда етарлича вақт ҳавола қилинмоқда. 4 йил – бу ҳар қандай мураббийга ўзи ўйлаган режаларни амалга ошириш учун катта муддат. Ушбу тўрт йилнинг бир йили жамоани Суперлигага қайтариш учун сарфланиши режалаштирилган. Қолган уч йили эса “Нефтчи”нинг элитада янги марраларни забт этиш учун мўлжалланган, аслида. Бу албатта фарғоналикларнинг кўзлаб қўйган режаларидир. Мўминжонов эса шу мақсадда олиб келинган ва ҳозирда у катта йўл остонасида турибди. Яъни, “Нефтчи” билан янги вазифалар сари дастлабки қадамни ташлади. Унинг жамоаси Тошкентда мавсумга тайёргарлик кўряпти. Мабодо, клуб Суперлигага чиқиш вазифасини бажара олмаса нима бўлади? Келишув ўз кучида қоладими? Тўғриси, вазиятдан олдинлаб кетмоқчи эмасмиз. Мўминжонов “Нефтчи”даги дебютида қандай натижа қайд этишини йил охирида билиб оламиз. Аммо аниғи шуки, ортга йўл йўқ, унга клубни фақат ва фақат Суперлигага олиб чиқиши аниқ мақсад қилиб қўйилган.
Энди Даврон Файзиевга тўхталсак, у жуда меҳнаткаш ва камтар мураббий. Уни ўртамиёна мутахассис деб ҳисоблаш вазиятга тўғри баҳо берилиши эмас. Даврон Орипович илгари “Сўғдиёна”да бир неча йил ишлади ва қийин шароитда бўлса-да, жамоани кучлилар орасида олиб қолаверган. “Динамо”да эса кичик мўъжиза яратишга яқин келганди, аммо кейин вазият ўзгариб кетган. Умуман айтганда, Файзиев мураббий сифатида яхши таассурот қолдирган, айниқса меҳнатсеварлиги билан. Ўтган йили “Қўқон-1912”да дўсти – Бахтиёр Ашурматовга яқиндан ёрдам берганини биласиз. Ўшанда унга чемпионат давомида Суперлиганинг бир қатор клубларидан бош мураббийликка аниқ таклифлар келиб тушган. Ўшанда Даврон Орипович шартномага амал қилишга қарор қилган. Бу йил эса у ўз олдига жиддий вазифа қўйган “Бухоро”ни бошқаришга рози бўлди.
Эшитган бўлсангиз керак, Суперлигадаги муваффақиятсиз мавсумдан кейин вилоят ҳокими Бухоро футболи ва клуб мавқеини тиклаш учун жиддий ҳаракатларни бошлади. Файзиевни таклиф қилишдан мақсад битта: жамоани Суперлигага қайтариш. Клуб раҳбариятида ҳам ўзгаришлар кузатилди. “Бухоро”да ҳам ижобий ўзгаришлар бошлангани сезиляпти. Таркиб эса Суперлига даражасида кучайтирилиши кўзда тутилган. Айниқса, Бухоро фарзанди Шавкат Саломовнинг собиқ клубига қайтганини алоҳида таъкидлаш керак. У Суперлига клубларидан бўлган таклифларни рад этиб про-лигада “Бухоро”ни элитага қайтариш йўлида ёрдам беришни лозим топди. Унинг жамоада бўлиши бош мураббийга катта фойда келтиришини тахмин қилсак бўлади. Раҳбарият жамоани Суперлигага қайтариш йўлида бундай вазифани айнан Файзиев бажара олишига ишонишгани учун ҳам уни таклиф қилишди. Мўминжонов сингари “Бухоро” устозининг олдида бундан бошқа мақсад йўқ. Ҳозирда қилинаётган барча ишлар клубни фақат элитага қайтаришга қаратилган. Тез орада таркибда яна янги ўйинчилар пайдо бўлади. “Бухоро”нинг дадил ҳаракати балки Мўминжоновни сергак торттиришга мажбур қилаётгандир.
Навбатдаги номзод Самарқанднинг “Динамо”си. Ўтган йили ҳам Суперлига учун курашиб кўришди, аммо ўхшамади. Бош мураббийликка мавсум ўрталарида Сергей Лушчан олиб келинган бўлса ҳам бу “Динамо”нинг мақсадига эришиши учун етарли бўлмади. Самарқандликлар ҳам янги мавсум учун ўзига хос “юриш” сифатида Ҳаким Фузайловни бош мураббийликка таклиф қилишди. Тожикистонлик мутахассисни ҳамма танийди. Унда катта даража бор. Фаолияти давомида Россиянинг бир қатор клубларида турли лавозимларда ишлаган. Футболчиларнинг имкониятини яхши илғай олади. Ўзимизда ҳам бир қатор жамоаларни бошқарган ва “Динамо” улардан бири эди. У собиқ клубига қайтди. Ҳаким Қаюмович яқинда sports.uz мухбирига Ўзбекистонга қайтиб ишлаш нияти борлигини тан олганди. Ўшанда унинг яна юртимизда ишлашини кутгандик. Шу боис Фузайловнинг чемпионатимизга қайтгани биз учун янгилик бўлмади. Фақат қайси жамоани бошқариши қизиқ эди холос. Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини “Хўжанд”да бош мураббий сифатида ўтказганди. Ўзбекистонга эса янгича иштиёқ билан қайтганини таъкидлаш керак. “Динамо” Ҳаким Фузайлов ёрдамида Суперлига йўлланмасини қўлга киритишни кўзлаб турибди. Унинг шу мақсадда олиб келингани рост. Тўғри, бу осон бўлмайди. Чунки “Динамо”нинг рақобатчилари жиддий. Бундай вазиятда Фузайлов тажрибасига таянади. Шу билан бирга таркибни кучайтириш учун ишларни бошлаб юборган. Тез орада “Динамо”да ҳам янги номларни кўрсак асло ажабланмаймиз.
Бу йил про-лигадаги кураш роса “қайнайди”, бу аниқ. Суперлига учун кураш жуда жиддий. Биз ўз олдига аниқ вазифа қўйган учта клуб ва унинг янги мураббийларига тўхталдик. Лекин про-лигадаги яна бошқа жамоаларни ҳам унутмаслик керак. Масалан, “Шўртан” яна Асрор Алиқуловга ишонч билдирди. Унинг жамоаси эса курашувчан. Қолаверса, Элдор Сакаевни ҳам “Янгиер”да қандай жамоа шакллантириши қизиқ туюляпти. Аввало асосий кураш “Нефтчи”, “Бухоро” ва “Динамо” ўртасида кечиши кутиляпти, бундай пайтда эса яна қайсидир клуб сюрприз кўрсатса ҳам бундан ажабланмаймиз. Қолаверса, бу ерга Суперлига савиясидаги футболчиларнинг келаётгани ҳам про-лиганинг мавқеи ошишига хизмат қилади. Муҳими, чемпионат савияси Мўминжонов, Файзиев, Фузайлов каби мутахассисларнинг келиши орқали анча ўсиши кутиляпти. Шундай экан, про-лигада қандай интрига бўлишини ҳозирданоқ тасаввур қилаверинг. Фақат барчаси ҳалол, ҳаққоний ва шаффоф бўлсин...
Фикрлар