Профессионал боксда мағлуб бўлмаган жаҳон чемпионлари билан танишинг
Профессионал бокс олами тарихида кўплаб супер юлдузлар бўлган ва улар ажойиб натижаларни қайд этиш баробарида мухлислар меҳрини ҳам қозона олишган. Ғалаба ва мағлубият доимо, ёнма-ён юрганидек, буюк чемпионлар фаолиятида ҳам мағлубиятлар учраб турган. Жумладан, Муҳаммад Али, Майк Тайсон, Леннокс Льюис, Менни Пакьяо ҳам бундай оғир воқейликларнинг гувоҳига айланишганди.
Лекин профессионал фаолияти мобайнида бирор марта мағлуб бўлмаган чармқўлқоп усталари ҳам топилади. Биз бугун, ана шундай мағлубият аламини тотиб кўрмаган 15 та жаҳон чемпиони ҳақида маълумот берамиз.
1. Жек МакОулиффи(Ирландия)
“Наполеон узуги” номи билан шуҳрат қозонган Жек фаолияти мобайнида 36 та жанг ўтказган ва уларнинг 30 тасида ғалаба қозонади. 22 бор рақибларини нокаутга учратади. 5 марта дуранг қайд этган бўлса, бир жангга аниқлик киритилмасдан қолган. У енгил вазн тоифасида мутлоқ жаҳон чемпиони (1886-1893 ) ҳисобланган.
2. Жимми Барри (АҚШ)
“Кичик йўлбарс” номи билан машҳур бўлган океан орти вакили профессионал рингда 68 та жанг ўтказади ва уларнинг 58 тасида ғалаба қозонади. Нокаутлар сони 39 тани ташкил қилади. 10 бора дуранг қайд этган. У ўта енгил вазн тоифасида мутлоқ жаҳон чемпиони (1894-1899) бўла олган.
3. Рокки Марчиано (АҚШ)
Асл исми Рокко Френсис Маркеджиано бўлган ушбу чармқўлқоп устаси профессионал фаолияти мобайнида 49 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонади. Уларнинг 43 тасида нокаут қайд этади. У оғир вазн тоифасида мутлоқ жаҳон чемпион (1952-1956)лигини қўлга киритган.
4. Терри Марш (Англия)
Британиялик боксчи профессионал рингда 27 бора жанг ўтказиб, уларнинг 26 тасида ғалаба қозонади. Рақибларини 10 бора нокаутга учратган ҳолда битта жанг дуранг билан якунланади. У биринчи ярим ўрта вазн тоифасида IBF жаҳон чемпионлик (1987) камарини қўлга кирита олганди.
5. Питсич Ситбангпрачан (Таиланд)
Тайлар вакили жами 24 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган. Уларнинг 18 тасида рақибларини нокаутга учратишга муваффақ бўлади. Шунингдек, у енгил вазнда IBF жаҳон чемпионлик (1992-1994) камарини ҳам қўлга киритади.
6. Ким Чжи Вон (Жанубий Корея)
Мазкур боксчи профессионал рингда 18 бора жанг ўтказади ва уларнинг 16 тасида ғалаба, 2 бора дуранг қайд этади. Нокаутли ғалабалар 7 тани ташкил этади. Қолаверса, у енгил вазн тоифасида IBF йўналишининг жаҳон чемпионлик камарини (1985-1986) қўлга киритади.
7. Рикардо Лопес (Мексика)
Ацтеклар вакили профида 52 бора рингга кўтарилади ва уларнинг 51 тасида ғалабага эришади. Бир марта дуранг қайд этган ҳолда, рақибларини 38 та бора нокаутга туширишга муваффақ бўлади. Шу билан бирга энг енгил вазн тоифасида WBC (1990-1998), WBO (1997-1998), WBA (1998) биринчи супер енгил вазн тоифасида IBF жаҳон чемпионлик камарларини қўлга киритади.
8. Михай Леу (Руминия)
У 28 марта жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонади. 10 бора нокаут эвазига муваффақиятини тантана қилган. Ярим ўрта вазн тоифасида WBO йўналиши чемпиони (1997 ) бўлган.
9. Свен Оттке (Германия) – (34-0-0,6 КО)
2-ўрта вазн тоифасида IBF (1998-2004), WBA (2003-2004) жаҳон чемпионлик камарини қўлга киритади.
10. Гарри Саймон (Намибия)- (31-0-0, 23 КО)
Биринчи ўрта вазн тоифасида WBO (1998-2001), ўрта вазнда WBO (2002) чемпионлигини қўлга киритган.
11. Жо Кальзаге (Уэлс) – (46-0-0, 32 КО)
2- ўрта вазн тоифасида WBO (1997-2008), IBF (2006), WBA ва WBC (2007-2008) жаҳон чемпиони бўла олганди.
12. Эдвин Валеро (Венесуэла ) – (27-0-0,27 КО)
2-ярим енгил вазнда WBA (2006-2008), енгил вазнда WBC (2009-2010) жаҳон чемпионлигини қўлга кирита олган.
13. Дмитрий Пие (Россия) – (20-0-0, 15 КО)
Ўрта вазн тоифасида WBO (2010-2012) жаҳон чемпионлик камарини қўлга киритган.
14. Андре Уорд (АҚШ) –(32-0-0, 16 КО)
Иккинчи ўрта вазн тоифасида WBA (2009-2015), WBC (2011-2015), ярим оғир вазнда WBA, WBO, IBF (2016-2017) йўналишида жаҳон чемпиони...
15. Флойд Мейвезер (АҚШ) – (50-0-0, 27 КО)
Иккинчи ярим енгил вазнда WBC (1998-2002), енгил вазнда WBC (2002-2003), биринчи ярим ўрта вазн тоифасида WBC (2005), ярим ўрта вазнда IBF (2006), IBO (2006), WBC (2006, 2007, 2011), WBA (2014), WBO (2015), 1- ўрта вазннда WBC (2007), WBA (2012) йўналишларида жаҳон чемпионлигига эришган эди.
Мазкур 15 нафар жаҳон чемпиони турли давр боксчилари ҳисобланади. Флойд Мейвезер, Жо Калзаге, Андре Уорд, Свен Оттке, Рикардо Лопеслар дарҳақиқат профессионал бокс оламининг том маънодаги юлдузлари ҳисобланади. Уларнинг баъзилари 20 дан ортиқ ҳимоя жангларини ўтказишган. Лекин рўйхатдан бирор марта ҳимоя жангида рингга кўтарилмаганлар ҳам учрайди. Демоқчиманки, мағлубиятлар сони нолга тенглиги ҳар доим ҳам боксчиларнинг жуда юқори савияга эга эканлигини билдиравермайди. Чунки, бунга етарлича омиллар мавжуд. Бироқ, тарихда натижа қолади!
Хориж материаллари асосида тайёрланди.
Фикрлар