ПСЖ Мбаппега АПЛ клубидан ўринбосар топди

ПСЖ келаси ёзда жамоани тарк этиши кутилаётган Килиан Мбаппе ўрнига бошқа футболчи излаш ишларини бошлаб юборди.

"Eurosport" нашри тарқатган маълумотларга қараганда, парижликлар "Эвертон" ҳужумчиси Ришарлисонни сотиб олишга ҳаракат қилади. Жамоа уни франциялик юлдузга муносиб ўринбосар сифатида кўрмоқда.

22 ёшли Килиан бу ёзда "Реал" сафига ўтиб кетишга яқин келганди. Бироқ Париж клуби уни шартномаси якунига қадар ўз сафида олиб қолишга қарор қилди. Мбаппе ва ПСЖ ўртасида тузилган амалдаги битим 2022 йилнинг 30 июнига қадар амал қилади.

Ришарлисон "Эвертон" таркибида 2018 йилдан бери ҳаракат қилиб келмоқда. Бу вақт оралиғида 24 ёшли футболчи 122 ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 43 гол ва 10 ассистни ёздириб қўйишга муваффақ бўлган. "Transfermarkt" портали уни 55 миллион еврога баҳоламоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!