ПСЖ Почеттино билан шартномани бекор қилса, қанча товон пули тўлаши маълум
ПСЖ клуби бош мураббий Маурисио Почеттино билан мавсум охирида шартномасини бекор қилмоқчи бўлса, унга 15 миллион евро товон тўлаши керак. Бу ҳақда L' Equipe нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, аргентиналик мутахассис истеъфога чиқмоқчи эмас. Унинг жамоа билан 2021 йилнинг январида тузилган шартномаси кейинги мавсум охиригача амал қилади.
Почеттино бошчилигида ПСЖ чемпионлик, кубок ва Франция Суперкубогини қўлга киритди. Аргентиналик мутахассис бошчилигида 82 учрашув ўтказган парижликлар 54 та учрашувда ғалаба, 13 баҳсда дуранг ва 15 ўйинда мағлуб бўлган. Тўплар фарқи: 188-89. Бу учрашувларда 175 очко (ҳар бир учрашувда ўртача 2,13 очко) тўпланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Почеттино Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клубини бошқариши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди, бироқ манкунианликлар якунда Эрик тен Хаг билан шартнома имзолади.
Фикрлар