Пул муҳимми ёки карьера? Бруну Фернандеш келажаги бўйича бир қарорга келди
«Манчестер Юнайтед» ярим ҳимоячиси ва сардори Бруну Фернандеш Саудия Арабистони клубларининг қизиқишига қарамай, жамоада қолишга қарор қилди. Бу ҳақда talkSPORT хабар берди.
Манбага кўра, 31 ёшли футболчи жаҳон чемпионатидан аввал клуб раҳбарияти билан расмий музокара ўтказмаган. Бироқ у жамоадошлари ва ўз атрофидагиларга «Манчестер Юнайтед»да қолиш нияти борлигини маълум қилган.
Қайд этилишича, португалиялик футболчи камида яна бир йил манкунианлар сафида тўп суришни истамоқда.
Бруну Фернандеш 2020 йил январидан буён «Манчестер Юнайтед» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Ўтган мавсумда у барча мусобақаларда 37 та ўйинда иштирок этиб, 9 та гол ва 22 та голли узатмага муаллифлик қилди.
Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 35 миллион евро деб баҳолаган.

Фикрлар